1 833

Хуршид ДЎСТМУХАМЕДОВ: «ЖУРНАЛИСТИКА СОҲАСИ, ИЛМИ ВА АМАЛИЁТИНИНГ ўЗГАРМАС ҚОНУНИЯТЛАРИ МАВЖУД»

        Бугунги кун ўзбек журналистикамиз ривожи хусусида турли хил фикрлар, баҳслар тез-тез қулоққа чалинади. Кимдир уни қораласа, яна кимдир «ўтиш даври» журналистикасининг ҳолатини тасвирлашга уринади. Албатта ҳар қандай соҳа каби ўзбек миллий журналистикаси ҳам ўзига хос ютуқ ва камчиликлардан холи эмас. Бу борада мутахассисларнинг фикрини билиш мақсадида, республикамизнинг кўзга кўринган соҳа етакчилари, назариётчи ва амалиётчиларига бир хил саволлар билан мурожаат этган ҳолда, ҳозирги кун ўзбек миллий журналистикаси даражасини баҳолашга ва бу борада турли фикрларни йиғишга уриндик. Суҳбатдошимиз, филология фанлари доктори, доцент Хуршид Набиевич Дўстмуҳамедов.

— Хуршид Набиевич, бугунги кун ўзбек миллий журналистикасини қандай баҳолайсиз?

-Умуман олганда, мустақиллик йилларида миллий журналистикамиз тубдан ислоҳ қилинди. Матбуотимиз фундаментал бурилишлар даврини бошдан кечирди. Давр, жамият, сиёсат ўзгарган экан миллий матбуот, миллий журналистика ўзгармай қолиши мумкин эмас. Бу табиий ҳол. Лекин бошқа масала келиб чиқади: у ҳолда ҳукмрон сиёсий қарашлар ва об-ҳавога кўра ўзгарувчанлик табиатига эга бўлган журналистика ҳеч қачон мустақил соҳа бўлолмас экан-да? Истаймизми-йўқми, у БУГУНГИ кун талабларига бўйсунади, ҳокимият измида бўлган қарашлар тарғиботчисига айланади. Шундайми?

Биринчидан, мамлакатимиздаги мавжуд ҳокимият илгари сураётган талаблар миллий манфаатлардан келиб чиқмоқда. Ислоҳотлар ҳам охир-оқибат мана шу манфаатга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда. Ҳамон шундай экан, олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг натижаларини тарғиб қилишнинг ҳеч қандай ёмон ери йўқ. Бу нарса журналистикага тил теккизишга асос бўлолмайди.

Масалага назарий жиҳатдан ёндошадиган бўлсак, бошқа мулоҳазалар келиб чиқади. Нима демоқчиман?

Ҳар қандай миллий журналистика ўз даври ҳукмрон қарашлари хизматчиси, борингки, малайига айланиш-айланмаслиги бошқа масала. Бундан қатъи назар ЖУРНАЛИСТИКА соҳаси, илми ва амалиётининг ЎЗГАРМАС ҚОНУНИЯТЛАРИ МАВЖУД! Бу қонуниятлар – долзарблик, холислик, ҳаққонийлик! Буни қарангки, қайси миллий журналистика мазкур уч мезондан келиб чиққан ҳолда жиддий таҳлил қилинар экан, тўла-тўкис ­– 100 фоиз қониқиш ҳосил қилиш қийин. Ҳатто энг тараққий этган, барча имкониятлар етарли бўлган шароитларда ҳам бу 3 омилнинг у ёки бунисида кемтиклик, камчилик, нуқсон кўзга ташланмай иложи йўқ. Бунинг сабаблари жуда-жуда кўп. Лекин хулоса шуки, журналистика соҳа, фан, ижодий жараён махсули ўлароқ ўзининг доимий ўзгармас қонуниятларига, қадриятларига, мезонларига эга! Қайси журналистика бу талабларга нечоғли жавоб беради – бу саволнинг жавоби ҳам ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Бевосита бугунги ўзбек журналистикасига келсак, айтдим-ку, бизнинг журналистика ҳамон ўзгариш, янгиланиш, тобланиш ва изланиш жараёнларини бошдан кечирмоқда. Ижтимоий маънодаги эски андоза ва мезонлар бузилди, янгиси эса ҳали-хануз шаклланганича йўқ. Ҳаётий ақидалар, шаклланган стандартлар бузилгани каби журналиситикамизда анъана тусини олган стандартлар ҳам бузилди. Бу маъқулми-йўқми, барча эскидан воз кечиб барча янгиликлар икки қўллаб қбул қилинмоғи керакми ёки?..

Бу хусусда сўз очилса, баҳс қизиб кетади. Ҳар ким кўрпани ўз томонига тортади. Шахсий нуқтаи назарим: воз кечишга зинҳор ошиқмаслик даркор-р!.. Айниқса, йиллар мобайнида шаклланган, ҳаёт тажрибасидан ўтган кўникмалар авайланмоғи шарт. Битта ҳолат юзасидан фикр алмашайлик: шўро даврида матбуотга муносабат жиддий эди. Одамлар матбуот билан ҳисоблашарди. Эҳтимол, қўрқадиганлар ҳам йўқ эмасди. Буни шўро сиёсатининг дағдағаси дея талқин қилишмоқда. Дағдаға ўз йўлига, лекин сиёсат ўз йўлига, кенг омма матбуот билан, матбуот сўзи билан ҳисоблашарди. Матбуотдаги чиқишлар жойларда стихияли тарзда (ҳеч ким уюштирмасди) муҳокамаларга сабаб бўларди. Хўп, шўровий тамойиллардан воз кечсак кечибмиз, лекин ўша МУНОСАБАТ ўрнатишни тажриба сифатида ўрганайлик, унинг фойдали жойларини жорий қилайлик.

Газетхондан келадиган бирорта хат, хабар, мурожаат эътиборсиз қолдирилмасди. “Бир хат изидан” қабилидаги хизмат сафарлари махсули ўлароқ материаллар алоҳида қизиқиш билан ўқиларди. Энди-чи?.. Айрим газеталарда “Хатларга жавоб берилмайди” деб эслатма берилади. Бундай эслатмалар менга, “Саломингга алик олинмайди” деган маънода жуда оғир ботади.

Учинчи ҳолат. Газета-журнал чиқишларида ТАҲЛИЛ йўқолиб бормоқда. Лавҳа, очерк, эссе, журналист текшируви унутилмоқда. Ёш ва навқирон ҳамкасбларимиз орасида ушбу йўналишларда қойиллатиб қалам тебратадиганлари йўқ даражада. Матбуот саҳифаларида йўқолиб бормоқдами, демак, ўқувчиларни ҳам бой бермоқдамиз. Газетхонларни енгил-елпихўр ва олди-қочдихўр қилиб қўймоқдамиз.

Хуллас денг, сабаблар, баҳоналардан қатъи назар, миллий журналистикамизнинг бугунги ва эртанги тақдирига масъул мутахассислар, МИНБАРлар бу каби масалаларни четлаб ўтиш билан овора. Бошини қумга тиқиб олиб, ўзини душмандан асраган ҳисоблаган туяқушнинг аҳволи… аянчли…

Бир гапни ёзгандим: ҳар қандай матбуот ҳаётнинг кўзгуси ҳисобланади, яъни у ушбу жамиятда кечаётган барча воқеа-ҳодисаларни тошойнада акс этгани каби намойиш этмоғи зарур. Бордию, у ёки бу миллий матбуот ўз зиммасидаги мана шу миссияни адо этмаяптими, ўзининг ёлғон матбуот, сохта журналистика эканлигидан кўз юмиб, нонни нанна деб юрибдими, мана шуниси билан ҳам ­ — ҳаёт реаллигини кўрсата олмаётгани билан кўзгулик вазифасини ўтаётган ҳисобланади. Мавжуд ҳолатни акс эттираётган ҳисобланади.

Журналистиканинг ҳар қандай даврда, ҳар қандай шарт-шароитда ўзгармай қоладиган сеҳри, қудрати мана шунда!..

—        Журналистикада мувозанат бўлиши керакми?

— Мувозанат инсон ҳаётининг барча соҳасида – ҳар қадам-ҳар лаҳзасида сақланмоғи керак. Журналистика кенг омманинг онги, тафаккури, бугуни ва эртаси, тақдири билан боғлиқ соҳа экан, мувозанат жуда-жуда зарур. Бунинг учун мувозанатни тўғри тушунмоқ, тўғри талқин этмоқ зарур.

        Ҳозирги кунда ахборотга товар сифатида қаралаётган бир пайтда унинг холислик, объективлик тамойиллари йўқоладими?

-БОЗОРда .ОЗОР кўп, ..ЗОР кўп, …ОР эса оз. Чунки бозорга алоҳида дуо кетган. Бир замонлар иймон-эътиқоди мустаҳкам одамлар бозорга борганда энгил-бошларини ўзгартирган эканлар, ҳатто бозордан қайтгач, баданни бир сидра поклаб ҳам олар эканлар. Соф маънавий маънода бу бежиз эмас. Чунки бозорда одамлар манфаат, нафс измида бўладилар. Бошқа иложи йўқ. Дунёда ахборот товар қиёфасига кирганига эса анча бўлган. Биз эса энди-энди ўрганмоқдамиз. Умуман, биз ҳали замонавий бозор психологиясини, бозор маданиятини чуқур ўзлаштирганимизча йўқ. Ҳалоллик, андиша сингари туйғуларимиз манфаат кўчаларида оёқости бўлишига гоҳ беэътибор, гоҳ лоқайд қараб ўтирибмиз. Холислик дейсизми? Бозорда ҳукмрон холислик қўлида эмас, манфаат измида. Шунга қарамай, аввалги савол жавобида айтилганидек, мувозанат айни шу жойларда жуда-жуда асқотади.

-Журналистикада “образ” тушунчасини қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?

— Журналистикада образ тушунчаси жуда чуқур масала, мавзу. Бу хусусда қарашларим бир қадар шаклланган, таҳлилларим ҳам йўқ эмас. Жаҳон журналистикаси илмида бу масала алоҳида мавзу сифатида ўрганилганига шу вақтгача кўзим тушмади. Ваҳоланки, соҳамизнинг жон томири, таянч нуқтаси саволда назарда тутилган ОБРАЗ фалсафаси билан боғлиқ. Фундаментал таҳлил, тадқиқ учун, концептуал хулосалар чиқариш, тезислар ташлаш учун алоҳида объект бу!

-Сўнгги йилларда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Ўзбекистон журналистларининг ахлоқий кодексини қабул қилиш устида иш олиб борилмоқда. Баъзи бир қоидалар “миллий менталитетимизга хос эмас” деган гаплар қулоққа чалинади. Этикада миллий хослик ўринлими?

-Миллий журналистикамиз амалиёти учун асқотадиган касб кодексини яратиш устида иш олиб борилаётганидан хабарим бор. Бу ишга ЮНЕСКО бош қўшаётгани ҳам бор гап. Хориждан ташриф буюрган йирик ва нуфузли мутахассисларнинг анжуманларимизда қилган маърузаларини ҳам диққат билан эшитдим. Ҳаммаларини оталарига раҳмат. Бироқ…

Қонунларимиз, кодексларимиз халқаро стандартларга жавоб беришини шу қадар кўп таъкидлаймизки, хориждан келган ҳар қандай мутахассиснинг йириклигига, нуфузига шу қадар ҳамду санолар ёғдирамизки, баъзан эриш туюлади одамга. Чет эл сафарларида ҳам ким маъруза ўқиса камида  авлиёга, ҳизр бувага рўпара келгандек оғзимизни очиб ўтараверамиз. Синчиклаб қарасак-чи?.. Фавқулодда ақл йўқ. Фавқулодда Америка очганини кўрмайсиз. Бир суҳбатда муҳтарам Юртбошимиз хорижликларнинг олдида бўйнимизни қисиб ўтирадиган вақтлар ўтиб кетди, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни кўрсатиб қўямиз, деган гаплари нақадар тўғрилигига имон келтираман.

Журналистнинг ахлоқ кодексига қайтсак. Мисол келтирай. Дунёдаги деярли барча кодексларда журналист ё мухбир хизмат юзасидан борган жойида, айниқса, тайёрланаётган материалга дахлдор шахслар иштирокида овқатланмаслиги, уларнинг транспортларидан фойдаланмаслиги, ҳар қандай катта-кичик совға-салом олишлардан ўзини тийиши зарурлиги алоҳида таъкидланган. Тўғри, бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. ЮНЕСКОдан келган мутахассис шунга ўхшаш талабларни бизнинг кодексга киритди ҳам дейлик. Биринчидан, у кишим айтмаса ҳам ўз мутахассисларимизнинг ақли етади бунга. Борингки, ўша “нуфузли” ақлнинг маслаҳатига қулоқ солдик ҳам дейлик. Кодекс амалиётга табиқ этилди. Журналистлар, таҳририятлар унинг асосида фаолият юргизяпти. Ва.. N. таҳририяти журналисти Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманига хизмат сафарига борди (ҳудудининг катталиги борасида унча-мунча Европа давлатидан кам бўлмаган Жиззах ёки Сурхондарё вилоятига). Бир хўжалик ёки бир овул ҳаёти билан танишиш учун 10-15 қир-адир ошмоғи керак. Учиб борадими, у томонларга? Кимнинг уловида боради?.. Жамоат транспорти қай аҳволда?.. Борди ҳам дейлик, олис йўлдан ҳориб келган журналист шўрлик қўним топадиган қулайроқ меҳмонхона, мусофирхона топилмаса… Қорин таталаб кетяпти. Париж, Лондондаги каби, Франция ёки Англиянинг чекка қишлоғида ҳар қадамда учрайдиган паб-маблар бўлмаса? Адоқсиз қир-адирда кафе борми, бар борми, Макдональдс бормики, тамадди қилиб олса?! Қоронғи ҳам тушиб қоляпти, журналист тунамоғи зарур. Ёлғиз қолса, тўнаб кетилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас… (Журналист ўша шароитларда бир неча кунлаб қолиб кетса-чи? Журналистимиз аёл киши бўлса-чи?..) Таҳририятдан берилган хизмат сафари харажатлари Қашқадарёнинг бир қирини ошиб ўтишга етмаса, кўринг, томошани!..

Журналист ҳалолми-ҳалол эмасми, таъмагирми-йўқми, айни тайёрлаётган материали қаҳрамонларининг чангалига тушади – бошқа иложи йўқ.   Ўшанинг транспортига минади, ўшанинг уйига боради. Уйига бордими, бизнинг халқимиз душмани келса-да, олдига дастурхон ёзади. Остига кўрпача ташлайди. Ўзи емаганини меҳмонга раво кўради. Шўрвани хўриллатиб ичаётган шўрлик ҳамкасбимизнинг кўз ўнгига кодексда зикр этилган бандлар келади. Ҳаммаси аъло, халқаро стандартлар даражасида, аммо, лекин, бироқ…

Мезбон барака топгур кузатаётиб, сандиғига яширган (тўйигами, ўлимлигигами атаган) алланимасини меҳмоннинг қўлтиғига қистиради, қутлуғ уйдан қуруқ кетманг, дейди. Халқаро стандарт эса қутлуғ уйдан раво кўрилган ҳадяни олган қўлинг синсин деб устингдан ҳукм ўқиб турибди…

Ана энди масалани кўндаланг қўяйлик: ЮНЕСКОдан келган,  Парижда ё Лондонда давру даврон суриб юрган йирик мутахассис биздаги реал ҳаёт стандартларидан хабардорми? Ўша журналистимиз хизмат сафарига ўша нуфузли меҳмоннинг қўлидан етаклаб Деҳқонободга олиб борсин-чи?..

(Мен Деҳқонободни мисол тариқасида келтирдим. Ваҳоланки, бу каби мисолларни истаган масканга кўчириш мумкин.)

Хуллас, муаммо қалашиб ётибди. Бинобарин, халқаро стандартлар нима дейдию, миллий қадриятлар қай қўбузни тинғирлатади?.. Маҳаллий шарт-шароит-чи?.. Етти эмас, етмиш ўлчаб бир кесмоғимиз керак бўлган масалалар беҳад бисёр.

Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди

Улашинг: