167

Ўзбекистонда экология йўналишидаги онлайн журналистиканинг ривожланиши: муаммо ва ечимлар

Наргис Қосимова,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетининг доценти

Илмий мақолада Ўзбекистонда экология йўналишида онлайн журналистиканинг ташкил топиши ва ривожланиши масалалари таҳлил этилиб, глобал аҳамият касб этган экологик муаммоларнинг онлайн оммавий ахборот воситаларида ёритилишида юзага келаётган масалалар, ютуқ ва камчиликлар кўрсатиб берилган.

В научной статье анализируется  становление и развитие онлайн экологической журналистики. Показываются достижения и недостатки освещения глобальных экологических проблем в интернет журналистике Узбекистна ориентированные на экологическую тематику.

The scientific article analyzes the formation and development of online environmental journalism. The achievements and shortcomings of covering global environmental problems in Internet journalism are shown. Uzbekistan is focused on environmental issues.

Калит сўзлар: экология, интернет ОАВ, глобал муаммо, жанр, сайт, табиат муҳофазаси, аудитория.

Ключевые слова: экология, интернет СМИ, глобальные проблемы, жанр, сайт, защита природы, аудитория.

Keywords: ecology, Internet media, global problems, genre, website, nature protection, audience.

Ўзбекистонда экологик муаммоларнинг ортиб бориши оммавий ахборот воситалари тизимида янги йўналиш – экологик журналистиканинг юзага келишига туртки бўлди. Бир неча ўн йиллардан бери республика газета ва журналлари саҳифаларида, телевидение ва радио орқали Ўзбекистон ҳамда бутун Марказий Осиё ҳудудидаги экологик беқарор вазият (ер, сув манбалари муаммолари, энергетик инқироз, биохилма-хилликни сақлаб қолиш, ҳавонинг ифлосланиши) ҳақида “бонг” урилмоқда. Экологик муаммоларга кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг эътибори ортишида айрим аниқ воқеа-ҳодисалар, жумладан, биринчи галда, Орол денгизи муаммоси муҳим ўрин тутади. Мазкур ҳодисалар экологик оқибатларнинг қамрови жиҳатидангина эмас, балки бу мавзуда оммавий ахборот воситалари орқали жамиятнинг барча қатламлари, турли ижтимоий гуруҳлар вакиллари баралла гапира бошлагани билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг экология муаммоларига муносабатини ҳар доим ҳам бир хилда деб бўлмайди. Унда миллий устуворликлар тизимида экологиянинг тутган ўриндан, сиёсий ва иқтисодий омиллардан келиб чиқиб, ўсишлар ҳам, пасайишлар ҳам кузатилади. Буни, айниқса, 1990-йиллар бошлари мисолида кўришимиз мумкин. Бу даврда экология мавзуси матбуот саҳифаларидан деярли тушиб қолган эди. Журналистларнинг бутун диққат-эътибори мамлакатда кечаётган сиёсий жараёнларга қаратилганди. Ундан олдинроқ эса собиқ тузум даври талаблари ва тақиқлари экология муаммоларини матбуот орқали кенг муҳокама қилишга имкон бермасди.

Экологик муаммоларни муҳокама этиш жараёнида республика ОАВда маълум бир анъаналар ҳам шаклланганлигини айтиб ўтиш керак. Жумладан, кўп йиллар мобайнида матбуот материаллари орқали бир қатор экологик тимсоллар юзага келдикир, улар ижтимоий фикрнинг шаклланиши ва ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Улардан бири – Орол денгизи. Орол денгизи деган номнинг тилга олинишиёқ ўқувчи (радио тингловчи, телетомошабин) эътиборини экологик муаммоларга тортади.

Ўзбекистон онлайн нашрларида чоп этилган экологик мавзудаги материалларни кузатадиган бўлсак, ахборот ва таҳлилий жанрлари етакчилик қилишини кўришимиз мумкин.  Жанрлар орасида интервьюлар, хабарлар, таҳлилий мақолалар алоҳида ўрин тутади.

Кўп ҳолларда турли жанр турланишларини қўллаган ҳолда ахборот жанрларидан фойдаланилади. Бадиий-публицистик жанрлардан журналистлар “жанрлар қироли” деб атайдиган очерк жуда кам учрайди.

Ўзбекистоннинг онлайн ОАВда экологик муаммоларнинг акс этиши таҳлили ушбу масалага жамоатчилик ва журналистларнинг эътибори ортганини кўрсатади. Шу билан бирга, экология мавзусига бағишланган материалларнинг эълон қилинишида барқарорлик йўқлигини ҳам қайд этиш лозим. Экологик мавзуда интернет нашрларда эълон қилинаётган материаллар тили ва услубини яхшилаш, бир қолипдаги ва стереотипга айланиб қолган фикрлардан қочиш, ортиқча ҳаяжондан, нотўғри фикрлардан қутилиш, статистика ва рақамлардан тўғри фойдаланиш зарурати муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Юқорида қайд этиб ўтилган муаммолар барқарор ривожланиш мавзусини ёритишга ҳам тааллуқлидир. Хўш, муаммо нимада? Ушбу мавзуни фақат мазкур соҳада махсус билимларга эга бўлган журналистлар, эколог-журналистлар ёритишлари керакми, ёки ОАВнинг исталган журналисти бу мавзуни қаламга олишга ҳақлими? Албатта, журналист барқарор ривожланиш асосий мақсадларининг моҳиятини тушуниши зарур, аммо бунинг учун махсус билим талаб этилмайди. Дунёда бўлаётган воқеа-ҳодислар ҳақида ўз аудиториясига сўзлаб бериш учун табиат муҳофазаси соҳасида махсус дипломга эга бўлиш шарт эмас. Аммо яхши журналист ўзи қаламга олаётган мавзудан хабардор бўлиши, унинг материални таҳлил қила олиши мақсадга мувофиқдир. Масалан, иқлим ўзгариши мавзусида ёзадиган аксарият журналистлар ушбу фан соҳсида чуқур билимларни ўзлаштиришлари керак, чунки ўқувчиларнинг хоҳиши шу – улар мавзуга оид мураккаб саволларга аниқлик киритилишини, олимларнинг бир бирини инкор этувчи мулоҳазаларига барҳам берилишини исташади[1]. Шу билан бирга, илмий манбаларнинг кўплиги ҳам журналистлар учун муаммо туғдириши мумкин: биз аудитория экспертлар нима ҳақда гапиришаётганини тушуниб оладиган ҳажмдаги ахборотдан фойдаланишимиз керак. Чунки ҳажмнинг ўта катталиги ва ортиқча тафсилотлар ўқувчини зериктириши мумкин.

Агар илмий далилларни оддий ва содда тилда баён этсангиз, ўқувчилар сиздан миннатдор бўлишади. Баъзида техник предметнинг моҳиятини илмий тушунча ва махсус атамаларни қўлламасдан тушунтириб бўлмайди. Бу ҳолда аудитория сиздан ана шу илмий тушунча ва атамаларни оддий тилга таржима қилиб беришингизни кутишга ҳақли. Агар илмий масалани ҳар томонлама ва аниқ баён эта олсангиз, ўқувчингизда мустақил хулосалар чиқариш имконияти юзага келади. Ушбу мавзуни ёритишда сизга керак бўладигани – барча журналистларга зарур бўлган классик касбий кўникмалар, яъни: чиройли тарзда баён этиш, холислик ва объективлик, шунингдек қизиқувчанлик, қатъият ва инсонийлик[2].

 Ҳозирги вақтда экология муаммолари глобал характер касб этиб, албатта, оммавий ахборот воситалари ҳам бу жараёндан четда қола олмайди. Жамоатчилик фикрини шакллантирар экан, айнан журналистлар кишиларнинг атроф табиий муҳитга бўлган муносабатига таъсир кўрсатишлари мумкин. “Журналистика иқтисодий, ижтимоий ва эклологик жиҳатлар ўртасидаги ўзаро алоқани тушунишнинг муҳимлигин очиб берган ҳолда атроф табиий муҳит муаммоларини ҳар томонлама ёритиши, барқарор ривожланишга эришиш учун зарур бўлган қадриятлар, ёндошувлар ва ҳаракатларга ўргатиши керак”[3]. Журналистларнинг атроф табиий муҳитнинг ҳолатидан ташқишда эканликларини намойиш этиш билан бирга, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги ижобий тажрибаларни, экологик муаммоларни ҳал этишдаги амалий вариант ва ечимларнинг топилаётганини ҳам кўрсатиб бериш зарур. Қайд этиш керакки, табиатнинг ҳолати мавзуси ҳар доим ОАВ диққат марказида бўлиб келган. Аммо миллий экожурналистика алоҳида йўналиш сифатида шаклланганига кўп бўлгани йўқ. Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритганидан кейин оммавий ахборот воситалари олдида “воқеа ва ҳодисаларни таҳлил қилиш, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқиш ва уларнинг ечимларини таклиф этиш борасида кенг имкониятлар” очилди[3].

ОАВнинг экология муаммоларига қизиқиши ортиши натижасида 1995 йилда Ўзбекистон экологик бюллетенининг илк сони чоп этилди. Ушбу нашр атроф табиий муҳит муҳофазаси ҳамда кенг жамоатчилик билан боғлиқ масалалар билан шуғулланувчи инсонларни ўз атрофига бирлаштирди. Орадан бир йил ўтиб, журнал экологик янгиликларга бўлган ўсиб бораётган эхтиёжни тўлароқ қондириш ҳамда жамоатчиликнинг мавжуд ва юзага келаётган экологик муаммолар борасидаги хабардорлигини ошириш мақсадида экологик нашрлар билан шуғулланувчи “Chinor ENK” компанясига асос солди. Шу вақтдан эътиборан мазкур нашр тез суръатларда ривожлана бошлади. Ўтган ўн етти йил ичида журнал бир қатор ўзгаришларни бошдан кечирди. Саҳифалар, мақола ва хабарлар сони, сифати билан бир вақтда ўқувчилар аудиторияси сони ҳам ошиб борди. Ўқувчиларни Ўзбекистонда экология соҳасида юз бераётган сўнгги янгилик ва воқеалардан ўқувчиларни тезкор хабардор қилиб бориш мақсадида “Chinor ENK” веб-портали (www.ekonews.uz)ни ишга туширди. Ушбу сайтдан ўқувчилар турли мавзуларга оид, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари(www.energy.ekonews.uz), чиқиндиларни қайта ишлаш (www.waste.uz) ҳамда экологик таълим (www.ekomaktab.uz) ҳақидаги хабар ва янгиликларни топишлари мумкин.

ekolog.uz, ekobarqaror.uz, sreda.uz, eko.uz, uznature.uz, ecosan.uz, obod.uz сайтлари – Ўзбекистондаги экология мавзусида фаолият юритувчи онлайн ОАВнинг қисқача рўйхати шундан иборат. Аҳолиси 33 миллиондан ортиқ бўлган Ўзбекистон учун бу жуда камдир. Онлайн ОАВ олдида турган долзарб вазифа экология ҳамда барқарор ривожланиш мавзусидаги рукнларни, теле, ва радиодастурларни кўпайтиришдан иборат. Экологик журанлистика нисбатан тор ихтисослашув экани ҳам ушбу муаммонинг долзарблигини оширади. Республикадаги бирорта олий ўқув юртида экожурналистлар тайёрланмайди. Экология мавзусида қалам тебратадиган журналистлар соҳа вакиллари учун ўтказиладиган тренинглар, семинарлар ва медиатурларда ўз маҳоратларини оширишади.

ОАВда экологларнинг материаллари ҳам тез-тез кўзга ташланиб туради. Аммо бу борада ҳам муаммолар йўқ эмас. Жумладан, бу ўринда “эколог кенг ўқувчилар оммаси учун қизиқарли ва тушунарли бўлган тилда мақола ёза оладими?” деган савол туғилади. Афсуски, аксарият ҳолларда экологлар қаламига мансуб материалларнинг тили ўта мураккаб бўлади. Шу боис улар оддий ўқувчиларга тушунарсиз бўлиб, кутилган қизиқишни уйғотмайди. Журналист эса оддий жумлалар воситасида мураккаб мавзунинг моҳиятини очиб бериши мумкин. У ўзи фаолият юритадиган ёки ҳамкорлик қиладиган нашрнинг йўналиши ва ўқувчилар аудиториясидан келиб чиқиб, ҳар қандай материални шунга мослаштиради. Аммо, журналист, ўз навбатида, мавзуни яхши билмаса, эколог олимларнинг фикрларини нотўғри талқин этиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Журналистиканинг асосий вазифаси турли мавзудаги муаммоли ахборотни кенг оммага етказишдан иборат, бунга эса фақт фақат оммалашган ОАВ орқали эришиш мумкин.

Шу билан бирга, миллий ОАВнинг ўзига хослиги журналистга фақат битта мавзу билан шуғулланиш имконини бермайди. Бу кўпроқ аксарият нашрларда инсон ва молиявий манбалар миқдори чекланганлиги билан боғлиқ. Мавзуга чуқур кириб бориш, муаммоларни кўтариб чиқиш, уларни ҳал этиш йўлларини излаш кўп вақт талаб этади, аксарият журналистларда эса ана шу вақт чекланган бўлади.

Аммо экология муаммолари журналистлар эътиборидан четда қолиши керак бўлмаган масалалар сирасига киради. Хўш, экология мавзусидаги материаллар сони кўпайиши, улар ўқувчи учун қизиқарлироқ, ишонч уйғотадиган, оммабоп бўлиши учун нима қилиш керак? Муаммонинг ечими, қанчалик жўн бўлмасин, икки томон, яъни журналистлар ва экологларнинг фаол ҳамкорлигида кўринади. Ушбу ечим  бир нечта жиҳатларга таянади: экология соҳасига оид ахборотларни олиш, соҳа экспертлари ва мутахассислари билан учрашиш, экологик муаммолар мавжуд бўлган ҳудудлар, участкалар ва объектларни бориб кўриш[4].

ОАВ ва турли вазирликлар, идоралар, нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ана шундай асосга қурилиши зарур. Аммо бундан журналист қачон зарур ахборот ёки маълумотни етказиб беришларини кутиб ўтириши керак экан, деган хулоса ҳам чиқмаслиги лозим. У кўп вақт, асаб сарфлаб ўзига зарур маълумот ва ахборотларни топади. Бу ўринда гап эълон қилинадиган мақола, хабарнинг самарали ва ишонарли чиқишидан учун ҳар икки томон ўзаро манфаатдор эканлиги ҳақида бормоқда[5].

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон онлайн оммавий ахборот воситалари экология муаммоларига етрлича эътибор қаратишмаяпти, ушбу мавзудаги материалларнинг жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш кучи ва имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. Экологик ахборотларни тақдим этишда аксарият ҳолларда тизимлилик ва стилистик тимсолийлик етишмайди. Экологик мавзудаги материалларнинг ўзига хослигини инобатга олиб, журналистларни тайёрлашда экологияга ихтисослашув муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблаймиз. Чунки бугунги кунда базавий экологик маълумотлар ҳар қандай журналист учун ҳам зарурдир. Экологик муаммоларни фақат ҳукуматнинг, ёки фақатгина жамоатчиликнинг кучи билан ҳал этиб бўлмайди, бизнес тузилмалар ҳам ёлғиз ҳолда уларга ечим топишга қодир эмас. Атроф табиий муҳит ҳолатини яхшилаш учун бутун жамиятнинг ўзаро ҳамкорлиги, ижтимоий диалог талаб этилади. Оммавий ахборот воситалари ана ишу диалогнинг асосий восита ҳисобланади. Демак, экологик журналистиканинг мақсадларидан бири – ҳар томонлама ўлчовли, илмий жиҳатдан саводли материаллар орқали жамиятнинг интеграциясига, шу йўл билан экологик муаммоларни ҳал этишга хизмат қилишдан иборат. Бу жараёнда журналистнинг зиммасида ўзи аудиторияга тақдим этаётган материалнинг, ахборотнинг сифати ва қай тарзда, йўсинда етказилаётгани борасида катта масъулият ётади.

        Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати

  1. Элeaнор Бёрд Ричард Лутц Кристин Уорвик. Средства массовой информации как партнеры в сфере образования в интересах устойчивого развития. Учебно-ресурсный комплект. Серия ЮНЕСКО по образовованию. http://www.ifap.ru/library/book282.pdf
  2. Қосимова Н. Глобал иқлим ўзгариши ва журналистика. Тошкент., “Turon-iqbol”, 2016 й.
  3. Коханова Л. А. Экологическая журналистика, PR и реклама: учеб.пособие для студентов вузов / Под ред. Я. Н. Засурского. М.: ЮНИТИ-ДАНА, 2007.-С.121
  4. Джангиров М. Развитие экологической журналистики в Узбекистане способствует распространению знаний. http://www.cac-program.org
  5. Қосимова Н. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари барқарор ривожланиш манфаатлари йўлидаги таълим соҳасида ҳамкор сифатида. Ўқув қўлланма.–Т., ЮНЕСКО. 2018 й.

Улашинг: