398

АСЛИДА ФОЙДАЛИ БЎЛГАН 6 ТА «ЗАРАРЛИ» МАҲСУЛОТ

Парҳезчилар ва олимлар ҳар замонда у ёки бу маҳсулотни тановул қилишни тақиқлайди. Балки ҳаммаси ҳам у даражада ёмон эмасдир?

Гўшт. Озишни истовчи кишиларнинг кўпчилиги «қизил» гўштдан воз кечади ва «оқ» гўштни истеъмол қила бошлайди. Улар ёғсиз мол гўшти калорияси бўйича деярли товуқ гўштидай эканини ва унда ёғ миқдори жуда камлигини билмайди ҳам. Маккажўхори билан боқилган юз грамм товуқ гўштида 129 калория ва 4,8 грамм ёғ бўлса, худди шунча ёғсиз мол гўштида 135 калория ва бор-йўғи 4,5 грамм ёғ бор, холос. Бундан ташқари, товуқ гўшти билан таққослаганда мол гўшти таркибида тонусни кўтарувчи темир моддаси уч баробар ва иммунитет учун зарур бўлган рух моддаси деярли тўрт баробар кўп.

Оқ нон. Саломатлик ҳақида сўз борганида, кўпроқ оқ нонга «маломат тоши» отилади. Бироқ кўпчилик оқ нон зарур минераллар (калций, темир), В гуруҳи витаминлари ва аминокислоталар ҳамда ўсимлик оқсилининг миқдори бўйича чемпион эканини билмайди. Бундан ташқари, олиб борилган тадқиқотлар буғдой таркибидаги клейковина узоқ йиллар давомида мустаҳкам соғлиқни ушлаб туриш учун зарур модда ҳисобланишини кўрсатди. Айнан у онкологик ва юрак-қон томир касалликлари ривожланишига самарали қаршилик кўрсатади. Бироқ эсингизда бўлсин, оқ нон қайси ундан тайёрланишидан қатъи назар, меъёрида тановул қилинмаса, унинг фойдали хусусияти тескари самара бериши мумкин. Шу боис уни бошқа ҳар қандай маҳсулот каби суистеъмол қилмаган маъқул.

Сарёғ. Саломатлигимизнинг яна бир «душмани» — аслида Д,А, Е, С, В витаминлари, калций, фосфолипидлар (ҳужайралар, айниқса асаб ҳужайралари учун қурилиш материали) ва аминокислоталарнинг ажойиб манбаидир. Табиий сарёғ тери, сочлар, кўриш қобилияти, суяк ва мушак тўқималари учун жуда фойдали ҳисобланади. Ҳар куни ёғ юпқа қилиб суртилган иккита бутербродни тановул қилиш нафақат томирлардаги холестерин миқдорини кўпайтирмайди, балки организмни шифобахш антиоксидантлар билан таъминлайди ҳам.

Картошка. Уни бежизга «иккинчи нон» дейишмайди. Ўтказилган тадқиқотлар картошканинг калий манбаи эканини ҳамда у клетчатка ва С витаминига бойлигини кўрсатди. Шу боис уни иккинчи турдаги диабетга олиб келувчи инсулин-резистентлик ривожланишида айблаш нотўғри. Картошкада аскорбин кислотасидан ташқари, В гуруҳи витаминлари, РР, фолий кислотаси, калстий, магний тузлари, фосфор ва, айниқса, калий моддаси кўп. Овқат ҳазм қилиш трактида картошка крахмали тезда оддий қандга парчаланади, шу боис у ҳақда енгил ўзлаштириладиган углеводли маҳсулот дейишади. Крахмал картошкадан углевод етказиб берувчи асосий мода ҳисобланади ва айнан шунинг учун озишни истовчи кишилар ундан «қўрқади». Лекин картошка углеводлари овқат ҳазм қилиш тизимига ижобий таъсир қилиши ва «зарарли» холестерин даражасини пайсатириши ҳақида негадир унутиб қўйишади.

Сут. Сут — ҳар қандай ёшдаги одам учун озуқавийлик даражаси юқори бўлган, енгил ўзлаштириладиган мукаммал озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади.100 г сутда 3 г га яқин оқсил, 3,2 г енгил ўзлаштириладиган ёғ, калстий, фосфор моддалари, А, В ва Д витаминлари мавжуд. Сутда 250 га яқин кимёвий компонент, шу жумладан 140 та турли ёғли кислота борлиги аниқланган. Сут қанди (лактоза) организмдаги ҳужайраларнинг ички алмашинувида, юрак, буйрак, жигар, бош мия ва асаб тизими фаолиятида қатнашади. Ҳар куни бир литрга яқин сут ичилганида, у катта кишининг ёғ, калстий, фосфор ва рибофлавин моддасига бўлган ўртача суткалик еҳтиёжини, протеинга бўлган еҳтиёжнинг 50 фоизини, А витаминига бўлган эҳтиёжнинг 33 фоизини, аскорбин кислотаси ва тиаминга бўлган эҳтиёжни, энергияга бўлган эҳтиёжнинг 25 фоизини (темир, мис, маранст ва магнийдан ташқари), барча минерал моддаларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиради. Тўғри, айрим кишиларда сут оқсилига аллергия бор, баъзиларда эса лактоза етишмовчилиги мавжуд. Бироқ агар организмингиз сутни яхши кўтарса уни ҳар доим ичиб юринг!

Тухум. Охирги ўн йил ичида тухумлар ҳақида жуда кўп ёмон гаплар айтилди. Бироқ яқинда ўтказилган илмий тадқиқотлар тухумнитаомномадан  чиқариб ташламаслик кераклигини кўрсатди. Тухум таркибида организм учун зарур бўлган кўплаб озиқлантирувчи моддалар, шу жумладан асосий витаминлар ва минераллар ҳамда баъзи касалликларда ёрдам берувчи антиоксидантлар мавжуд. Умум қабул қилинган фикрларга қарамасдан, тухумлар қондаги холестерин миқдорини оширмайди.

Н.Қосимова