826

СУВ КАДАСТРИ НЕГА КЕРАК?

Эрамиздан олдин XI асрларда ёзилган зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”да Ер, Ҳаво, Олов билан биргаликда Сув муқаддас ҳисобланиб, уларни ифлослантирган ҳар қандай инсон жазога тортилган.  Зардуштийлик динининг таълими бўйича дарё ва кўлларга  ахлат ташлаш, тупуриш, ҳайвонларни чўмилтириш ман қилинган.Зардуштийлар маданияти табиат покизалигини, муҳит тозалигини тарғиб қилган. Айнан сувга бўлган эҳтиром деярли барча халқларда мавжуд бўлиб,  сувдан оқилона фойдаланиш айниқса исломда кенг тарғиб этилган. Дамбалар, тўғонлар, каналлар, кўприклар қуриш орқали қабилалар бир бирлари билан савдо-сотиқ ишларини амалга оширибгина қолмай, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳаракат қилишган. Сув сарфи, сув иншоатлари илк давлатчилик ташкил этилганидан буён мавжудлигини тарихий манбаларда кўриш мумкин. Бу асосан, уларни солиққа тортиш учун рўйҳатга олинган.

— Давлат сув кадастри давлат сув фондини ташкил этувчи сув объектлари, сув ресурсларининг режими, сифати ва ундан фойдаланиш ҳақидаги, шунингдек, сувдан фойдаланувчилар тўғрисидаги маълум тарзда тартибга солинган, доимий тўлдириб бориладиган ва зарурат бўлганда аниқлаштириладиган маълумотлар тўпламидир, дейди  Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази Давлат сув кадастри бўлимининг 1 тоифали муҳандис-гидрологи Барно Карабаева. –Давлат сув кадастрини сув ресурслари ва сувдан фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотлар эканлиги боис сувнинг паспорти деб тушуниш мумкин. Унинг объекти бўлиб ер усти ва ер ости сув объектлари ва ресурслари ҳисобланади. Давлат сув кадастри сув ресурсларидан миқдор ва сифат кўрсаткичлари бўйича фойдаланишни ҳар томонлама ўрганиш ва баҳолаш, сувдан фойдаланиш ҳуқуқини ва сувдан хўжалик мақсадларида фойдаланишни рўйхатдан ўтказиш ҳисобланади. Давлат сув кадастрининг асосий мақсади давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларни сув объектлари ва сув ресурсларининг сув режими, сифати ва ундан фойдаланиш йўналишлари, шунингдек, сувдан фойдаланувчилар тўғрисидаги зарур маълумотлар билан таъминлашга хизмат қилишдан, шунингдек унинг таркибий қисмлари сув объектлари ва сувдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш, сув миқдори ва сифатини ҳисобга олиш, сув ресурсларини ва улардан фойдаланишни баҳолашдан иборат. Сув кадастри бизга нима учун керак? Масалан, Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи Бўзсув каналида кўприк қурмоқчимиз. Биз албатта, йиллар давомида каналнинг сув сатҳи, сарфи ва ҳарорати ҳақидаги маълумотларни қурувчиларга тақдим этамиз. Ёки сув омбори қурилиши лозим. Бунинг учун дарёларнинг камида 50 йиллик маълумотлари ўрганилади ва таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, сув омбори қуриш мувофиқми ёки йўқ деган саволга жавоб берилади.

Кадастр тушунчаси аксарият ҳолатда “кўчмас мулк” ва “кадастр съёмкаси” тушунчалари билан бевосита боғлиқдир. Иккинчиси кўчмас мулк участкалари чегараларини суратга олишни тақозо этади. Кадастр- узоқ тарихий ривожланиш натижасидир. Унинг ўтмишини таҳлил қилиш келажакни прогнозлаштириш имконини беради. Давлатларнинг вужудга келиши натижасида ер ва сув кадастри асосий даромад манбаи ва солиқ солиш объекти бўлиб хизмат қила бошлади. Шу сабабли жамият ривожининг маълум бир босқичида аввало ер ва сув кадастр объектларини ҳисобга олиш ва баҳолаш зарурати пайдо бўлди.

“Кадастр” сўзи лотин тилидаги“capitastrum” сўзидан олинган бўлиб, нарсаларни ҳисобга олиш деган маънони билдиради. Илк тушунчада кадастр ҳисобга олиш китоби кўринишида, солиққа тортилган сув, ер, ўрмон объектлари рўйхатидан иборат бўлган.  Сув объектларини илк рўйҳатга олиш қулдорлик давридан бошланган. Масалан,  эрамиздан аввал 4 асрда Мисрда ер ва сув объектлари баҳоланиб, улар рўйҳатга олинган.Мазкур объектлар махсус таксаторлар –фиравн амалдорлари томонидан амалга оширилган. Худди ўша вақтларда  қадимги Римда сув объектлари рўйхатга олина бошланади. Махсус бронзадан ишланган тахтачалардаги жадвалларга сув ҳавзалари ва уларга қурилган иншоатларнинг ҳажми, сифати, улардан келаётган даромад киритилган.

Феодализм даврида давлат кадастри солиққа тортилиш учунгина объектларни рўйҳатга олинган.Илк кадастр суратлари қадимги мисрликлар томонидан эрамиздан аввал таҳминан 3000 минг йилликда амалга оширилган. Сув объектларининг суратини чизишда  сув, унинг қирғоқ чегаралари,  мулкнинг эгаси тўғрисидаги маълумотлар киритилган.  Эрамиздан аввал 600 йил илгари Юнонистонда ўнлаб қонунлар бевосита ер ва сувга бўлган мулкчилик ҳуқуқига бағишланган. Масалан, 594 йилда Солон Қонунчилиги бевосита ер ва сув кадастрига бағишланган.  Биринчи Рим кадастри эрамиздан аввал VI асрда“Табулес Цензаалес” номи билан кучга кирган. Буюк Карл ҳукмронлиги даврида Швецияда сув объектлари солиққа тортилган. 1162 йилларда Италияда сув кадастри ишлаб чиқилган. 50 йил давомида Миланда ер ва сув объектлари харитаси яратилган. Англияда илк ер ва сув кадастри 1066 йили тузилган. Мақсад- кўчмас мулкни солиққа тортиш бўлган. Мазкур кадастр халқ ичида “Domesday book” ёки “Қиёмат кунининг китоби” деб ном олган. Францияда мазкур тушунча 1269 йили киритилиб,  у “Ҳисоб-китоб китоби” деб ном олган. Филип II ҳукмронлиги даврида Испанияда илк маротаба ер ва сув кўчмас мулк сифатида баҳоланган. 1718 йили Миланда Жованни Жакомо Мариони  илмий методларга асосланган ҳолда ер ва сувдаги кўчмас мулклар триангуляция ва полигонометрия усуллари қўлланилган ва кейинчалик мазкур кадастр Франция, Бельгия, Нидерландия, Пруссия, Швеция давлатлари учун намуна бўлиб хизмат қилган.

-Туркистон ҳудудида илк гидрологик постлар Сирдарё ва Амударёда 1868 йилда Чирчиқ ва Норин дарёларида ташкил этилган ва албатта йиллар давомида сув кадастри такомиллашиб борган. Бугунги кунда Давлат сув кадастри учта вазирлик — Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги ва Гидрометереология хизмати  томонидан амалга оширилади. Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси ер ости сувлари ҳисобини юритса, Сув хўжалиги вазирлиги ер устидаги сувлардан фойдаланиш борасидаги маълумотларни тақдим этади. Биз уларнинг солиштирма таҳлилини малга оширамиз.  Ўзбекистонда  40 дан ошиқ йирик дарёлар бор. Ҳар бир вилоятда сув постлари мавжуд, дея суҳбатимизни давом эттирди Барно Карабаева. -Масалан, Тошкент вилоятида 57 та, Қашқадарёда 12 та, Сурхондарёда 16 та ва ҳоказо. Албатта, мазкур гидропостлар қурилаётган сув объектлари қурилишида Давлат сув кадастри  қачон сел келиши мумкин, қачон сув камаяди ёки кўпаяди каби кўплаб саволларга жавоб беради. Биз сув объектлари қурилишида халқаро ҳамкорликдан самарали фойдаланамиз. Чунки  кўпгина дарёларимиз трансчегаравийдир ва биз бевосита қўшни давлатлар билан маълумот алмашамиз. Бу фақатгина сувнинг ҳавзаси эмас, балки давлат ва аҳоли ҳавфсизлиги учун ҳам зарурдир. Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида сув ҳарорати йилдан йилга ошаяпти, бу тоғлардаги улар бош олаётган музликларнинг тезроқ эрияётганидан далолатдир. Сув кадастри келгуси йилларда сувнинг прогнозини ҳам қилади. Сўнгги 5 йиллик таҳлиллар, келажакдаги 10 йилда сув 2 баробар камайишини кўрсатмоқда. Бунга аҳоли сонининг ортиши, урбанизациянинг жадаллашуви, сув истеъмолининг ошиши ҳам таъсир қилади. Чунки инсонга яхши яшаши учун 1 кунда 250 литр сув керак. Борган сари бу миқдор камаймоқда. Сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳар бир одамнинг қўлида. Биргина қишлоқ хўжалигига 90 фоиз атрофида чучук сув кетади. Афсуски, бизда техник сувдан фойдаланиш яхши йўлга қўйилмаган. Сув чекланган ресурс, биз табиат инъом қилган бойликни увол қилмоқдамиз.

Сув ҳавзалари, дарёлар, кўллар, сув омборлари, гидротехник ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари эгаллаб турган, шунингдек, сув ҳавзалари ва бошқа сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган, минтақадаги сув хўжалиги эҳтиёжлари учун корхона, муассаса ва ташкилотларга белгиланган тартибда берилган ерлар сув фонди ерлари тоифасига киради.  Сув тақчиллиги кўпайиб бораётган ҳозирги даврда бунча катта миқдордаги обиҳаётни тозалаб қайта фойдаланиш айни давр ва яқин келажакнинг энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.

Дарё сувларидан оқилона фойдаланиш мақсадида, яъни қиш ойларида сувни тўплаш ва ёз фаслида улардан суғоришда фойдаланиш учун Орол денгизи ҳавзасида 100 дан ортиқ турли катталикдаги сув омборлари қурилган. Шулардан 55 таси Ўзбекистон Республикасида жойлашган. Сув омборлари суғоришда сув таъминотини яхшилашда катта ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, сув омборлари балиқчиликнинг ривожланишида, рекреация масканларини ташкил қилишда ҳам муҳим ўрин тутади.Ўзбекистонда сув фонди ерлари 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра(Ҳақбердиев О., Содиқова Г. Ўзбекистоннинг ер-cув ресурслари: муаммо ва ечимлар. -Т.: “Baktria press”, 2017 й,  196 б.), жами 833,3 минг гектарни ёки умумий ер майдонининг 1,85 фоизини ташкил қилади.

-Албатта жамиятни ахборотлаштириш ва давлатда ишлаб чиқаришнинг кучайиши натижасида ўтган асрларда киритилган кадастрга бўлган талабалар ўзгарди, дейди биз билан суҳбатда Давлат сув кадастри бўлимининг 1 тоифали мутахассиси, физика-математика фанлари номзоди. Александр Пак.– Ўзбекистон учун сув кадастри масаласи жуда ҳам долзарбдир. Чунки сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида сув ҳавзаларининг қуриши, айниқса Орол фожиаси мамлакатда сувга бўлган муносабатнинг ўзгаришига олиб келмоқда. Иқлим ўзгариши албатта бизнинг фаолиятимизга салбий таъсир қилмоқда. Чунки сув ресурслари камайиши йилдан йилга кузатилмоқда. Бугунги кунда сув ресурсларни асраш Марказий Осиёдаги  бешта мамлакат ўртасидаги келишув асосида амалга оширилмоқда.

Сувни асраш учун албатта сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ва узоқ муддатли прогнозларни ишлаб чиқиш зарур. Энг асосийси суғориладиган майдонларни қисқартириш керак. Шунингдек, таълим тизими, оиладаги тарбия орқали аҳоли онгига сувни тежаш лозимлиги тўғрисидаги фикрларни шакллантириш лозим.

Наргис ҚОСИМОВА

Улашинг: