561

ВЛАДИМИР ПОЗНЕР ЖУРНАЛИСТИКА ҲАҚИДА

Биринчи очиқ маъруза

 Мен  экзистенционалистман,  бугунги  кун билан яшайман.  Эртага нима бўлишидан бехабарман. Ҳеч  ким эртага нима бўлишини билмайди. Кўпчилик эртанги кун ҳақида ўйламайди. Мен эса бугунги кун ҳаётимнинг  охири  бўлиши  мумкинлигини  инобатга олган  ҳолда  уни  тўлиқ  яшашга  ҳаракат  қиламан.  Бу менга ҳузур-ҳаловат бахш этади. Мен сўнгги дақиқада “Буни қилишим керак эди, аммо улгурмадим” дегим келмайди.  Аксинча,  бундай  ҳаёт  тарзи  менга  жуда ёқади. Бу менинг сўнгги маърузам. Йиғлаш керак эмас.

Демак, журналистика… Мен учун журналистика нима, уни қандай кўраман, шу ҳақида гаплашамиз. Журналистика хусусида жуда ҳам кўп фикрлар мавжуд. Мен аввало тадқиқотларимизни маълум бир вақт билан чегараламоқчиман. Чунки антик даврда журналистика йўқ эди. Тўғри адабиёт бўлган, аммо журналистика анча  кеч  пайдо  бўлганлигини  барчамиз  яхши  биламиз.  “Журналистика”тушунчаси  “jour”, яъни кун деган сўздан келиб чиққан. Журналистика  –  бу шундай нарсаки, у ҳар куни янгилик тақдим этади.

Журналистика  бевосита  журнал  сўзи  билан  боғлиқ.  Илк  маротаба  нашрXVII  асрнинг  охирига  келиб  пайдо  бўлди.  Ўша  пайтлари  журналистларни французча  талаффўз  билан  “журналье”  деб  атаб,  таржимада  у  ҳар  куни  янги нарсани тақдим этувчи инсон маъносини англатади. Бугунги кундаги журналист тушунчаси  эса  XVIII  асрдагина  келиб  чиқди.  Айнан  шу  пайтдан  бошлаб журналистика “тўртинчи ҳокимият”га айланди. Бу тушунча ҳам французлардан quatrième état сифатида муомалага кириб келди. Аммо тўртинчи ҳокимият бўлиши учун албатта қолган учтаси бўлиши керак. 1789 йилдаги инқилобдан кейингина реал ижро, суд ва қонунчилик ҳокимиятлари вужудга келди. Биламизки, ҳар бир иш олдиндан тузилган маълум бир режа орқали амалга оширилади. Агарда режа мукаммал  бўлмаса,  унинг  фундаментига  қурилган  бино  охир-оқибат  қулаб тушади.  Россия  журналистикасига  келадиган  бўлсак,  бу  ерда  ҳеч  қачон журналистика бўлмаган. Чунки олдинги учта реал ҳокимиятнинг ўзи том маънода йўқ  эди. Реал, бу  бир биридан  мустақил  бўлган  ҳокимиятлардир. Бўлмаса  улар ҳокимият ҳисобланмайди. 1917 йилгача Россияда фақат подшо ҳокимияти бўлган бўлиб, у ҳам ижро, ҳам суд ҳокимияти эди. Барча ҳокимиятлар унга қарам эди.

Албатта  18  асрдан  бошлаб  бу  ерда  журналлар  чиқарилган.  Уларда  Новиков, Пушкин  ижодлари  чоп  этилган.  Аммо  бу  ёзишмаларни  журналистика  сирасига киритиб бўлмайди.

1917  йилнинг  февраль  октябрь  ойларида  ҳақиқий  учта  ҳокимият  пайдо бўлиши билан мустақил журналистика ҳам шакллана бошлади. Бугун мустақил журналистика  хусусида  сўз  юритсак,  унинг  мавжуд  эмаслигини  жуда  яхши тушунамиз. Чунки ҳар биримизни журналист сифатида кимдир ишга олади ва биз ўша  одамга  қарам  бўламиз.  Мустақил  деганда  биз  қолган  учта  ҳокимиятга нисбатан мустақилликни назарда тутамиз. Мустақил журналистика демократияга асосланади. Аммо демократия нима ўзи ва у ҳар бир мамлакатда қандай намоён бўлади?  Аввало  демократия  халқнинг  менталитети,  унинг  урф-одатлари, анъаналарини  инобатга  олган  ҳолда  шаклланади.  Масалан,  Америка демократияси  Швеция  демократиясидан  тубдан  фарқ  қилади.  Совет  Иттифоқи даврида ҳам том маънода журналистика йўқ бўлиб, у тарғибот эди, холос. Чунки журналистни  ўша  даврда  мафкуравий  фронтнинг  зобити  деб  аташарди.  Зобит буйруқ  олади  ва  уни  сўзсиз  бажаради.  Агарда  яхши  бажарса  мукофот  олади, офицерлик  даражасига  кўтарилиши  мумкин.  Генерал  даражасига  кўтарилиш сиёсий  шарҳловчи  бўлиш  демак  эди.  Аммо  у  ҳам  мафкуравий  фронтнинг зобитидир. Вазифаси-  партия ва хукуматнинг сиёсатини илгари суришдан иборат. Ушбу вазифаларни аъло тарзда амалга ошириш мумкин. Аммо бу журналистика эмас.  Журналистика  тарғибот  бўла  олмайди.  Албатта ўша  даврда  ўз  касбининг усталари бўлган журналистлари бор бўлган бўлсада, аммо соҳа шаклланмаган эди. Унинг  номи  бор  эди,  холос.  Қайта  қуриш  Россияда  журналистикани  вужудга келтирди.  Нафақат  Россия,  балки  барча  МДҲ  мамлакатларида  90-  йилларнинг бошларида  газета  дўконлари  олдида  одамлар  навбатга  туришарди.  Нима  учун? Албатта  жамиятда  юз  бераётган  воқеалар,  шу  кунгача  яширилган  сирлар,  ўз дардларини  газета  ва  журнал  саҳифаларидан  ўқиш  учун  соатлаб  навбатга туришган. Телевизордан баъзи бир дастурлар намойиш этилаётганда кўчада одам қолмасди.  Ҳамма  янги  нарсани  кўриш  учун  интиларди,  аммо  ҳеч  ким  ҳақиқий журналистиканинг пайдо бўлганлигини билмас эди. Ҳозир бу ўта қизиқ туюлиши мумкин. Афсуски бу жараён узоқ давом этмади.

Ўша  пайтлари  АҚШда  Колумбия  журналистика  мактабида  профессор, таниқли  журналист  Фред  Френдли  фаолият  юритарди.  Мен  мазкур  даргоҳни ҳақиқий  журналистларни тайёрлаш мактаби, деб биламан. Чунки бу ерга бошқа касб  эгалари  айнан  журналистика  соҳасини  эгаллаш  мақсадида  келишади. Журналистика факультетини ташкил этиш ва ёшларни ўқитиш —  бу соҳа устидан кулишдир.  Қандай  қилиб  эндигина  мактабни  битирган  18  ёшли  йигитча журналист  бўла  олади?  Унинг  аудиторияга  айтар  гапи  борми?  У  бу  дунёни тушуниб  етганми?  Колумбия  журналистика  мактабида  эса  биринчи  олти  ой давомида журналист бўла олмаслигингизни сизга исбот қилишга уринишади. Сиз эса унинг аксини  исботлашга ҳаракат қиласиз. Сизга аниқ вазифа беришади, сиз уни бажарасиз, улар эса ёзиб келган нарсангизни ахлат қутига ташлаб: “Менинг вақтимни  олаяпсиз,  бу  ерга  бошқа  келманг”  дейишади.  Баъзилар  қайтиб келишмайди,  баъзилар  хаттоки  йиғлаб,  ёлворишади,  қолганлар  эса  яна  ва  яна қайтиб келишади. Айнан ана шу одамлар ҳақиқий журналист бўлиб етишишади.

Бир  куни  Френдли америкалик  журналистларни  аудиторияга  йиғди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Чунки ўша пайтлари Америка телевидениесида  Фил Донахью  билан биргаликда ишлардим. Ҳаммага синчиковлик билан қараб чиққач, Френдли гап бошлади:

-Ҳамкасблар,  сизнинг  олдингизга  бир  чигал  вазифани  қўймоқчиман. Тасаввур  қилинг  сиз  АҚШ  мудофаа  вазиридан  интервью  олаяпсиз.  Унинг кабинетида ўтириб, суҳбатлашмоқдасиз. Телефон жиринглайди. Вазир гўшакни кўтаради-да:  “Ҳа,  албатта,  раҳмат”  дейди.  Сўнг  сизга  юзланиб,  “Кечирасиз,  3 дақиқага ташқарига чиқишим керак. Ҳозир келаман” дея чиыиб кетади. Албатта, сиз унинг ёзув столи устида нима борлиги билан қизиқасиз, тўғрими? Чунки сиз журналистсиз. Унда “Ўта махфий” ёзуви билан қоғоз ётганлигини кўрасиз. Қоғоз сизга тескари бўлсада, сиз уни ўқий оласиз, чунки сиз ҳақиқий журналистсиз -ку! Агарда сизга тескари ётган қоғоздаги ёзувни ўқий олмасангиз, албатта ўрганинг. Бу  жуда  ҳам  фаолиятингизда  керак  бўлади.  Унда  ёзилишича  АҚШ  бошқа мамлакатга 10 кундан сўнг уруш эълон қилади. Албатта бу ёлғон эмас. Вазир ҳам сизни синаб кўриш учун қоғозни қолдирмаган, у шошилиб, уни яширишни эсдан чиқарган, холос. Вазир қайтиб келади. Сиз аниқлаган ахборотни  нима қиласиз? Сизларга ўйлаш учун бир дақиқа вақт бераман.

Атиги 30 сониядан сўнг барча “Биз тайёрмиз”, дейишди. “Тайёрмисиз?!” дея қайта  сўради Френдли. “Ҳа, тайёрмиз. Биз мазкур хабарни оммалаштириш учун қўлимиздан  келган  ишни  қиламиз.  Бу  бизнинг  вазифамиз  ва  бурчимиздир. Бизнинг  фақатгина  ўз  аудиториямиз  олдида  бурчимиз  бор.  Мамлакат президентининг ҳам, ҳукуматнинг ҳам, таҳририят раҳбарининг ҳам олдида эмас. Бизнинг  бурчимиз  бизни  кўрадиган,  эшитадиган,  ўқийдиган  инсонлар  олдида бўлиб,  уларга  максимум  ахборот  беришдир.  Бу  ахборот  бевосита  уларга тегишлидир.  Биз  уларни  хабардор  қилишга  мажбурмиз.  Аммо  буни  уддалай оламизми  ёки  йўқ,  бу  бошқа  масала.  Чунки  бу  ишни  амалга  оширишга  йўл қўймасликлари  ҳам мумкин. Чунки уларнинг оталари, эрлари, болаларини урушга жўнатишади.  Это их детей, мужей, братьев отправят на войну. Мы обязаны это сделать. Биз буни албатта бажарамиз”.

Кейинчалик  мен  бу  саволни  жуда  ҳам  кўп  журналистларга  бердим. Жавоблар  таҳминан  қуйидагича  эди:  “Мен  бу  хабарни  ҳаммага  ёйсам, ватанпарварлик  бўлмайди”.  “Мен  вазирдан  сўрар  эдим:  Жаноб  вазир,  бизнинг мамлакатимиз  бошқасига  уруш  эълон  қилмоқчи  эканлиги  ҳақида  миш-мишлар юрибди.  Шу  гап  ростми?”.  Шунда  мен  ушбу  журналистга  дедим:  “Тасаввур қилинг  мен вазирман ва мен сизга жавоб бераман: бу буҳтон. Турли хил ланъати мухолифчиларнинг ёлғони. Кейинги саволингиз?”

Бугунгу  кунгача  мен  фақатгина  битта  одамдангина  “Ушбу ахборотни  ўз аудиториямга етказишга ҳаракат қиламан” деган жавобни олдим. Фақат биттадан! Агарда  менга  “Мен  бундай  қилишдан  қўрқаман”  дейишса  тушунардим.  Аммо Америкада  ҳам  барча  журналистлар  шундай  жавоб  беришган  бўларди,  деб ўйламанг.  Чунки  бу  давлат  сирини  ошкор  этиш  демакдир.У  ерда  ҳам  дарҳол бундай ҳаракат учун қамоққа олишади. Демак, ҳар ким ўз виждони ва бурчидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиши зарур.

Владимир Познер ватанпарварлик ва журналист вазифалари хусусида иккинчи очиқ маъруза

Журналист фаолиятида ватанпарварлик нимада кўринади? Журналистнинг ватанпарварлиги  қаерда  ёмон  ҳолат,  муаммо  бўлса,  ўша  жойни  кўрсатишдан иборат. Чунки бошқа ҳеч ким кўрсатмайди. Сиз бирор маротаба махаллий, ёки федерал  ҳокимият  “биз  шу  ишни  ёмон  бажардик”  деганларини  эшитганмисиз? Мен шахсан эшитмаганман. Ким бу муаммоларни кўрсатади? Оддий фуқароми? Ким “Эй, қаранглар! Бу ерда муаммо бор” дея қичқиради? Журналист ҳеч нарсани ўзгарттира  олмасада,  тўртинчи  ҳокимият  бу  ҳақида  ахборот  беради,  масалага диққат-эътиборни  жалб  этади.  Бу  унинг  вазифасидир.  Шу  ўринда журналистикадаги мавжуд бир нечта тамойил хусусида сўз юритмоқчиман.

Биринчи  тамойил:  фақат  ҳақиқатни  сўзлаш.  Бу  унчалик  ишонарли  эмас, тўғрими?  Менга  эътироз  билдиришингиз  мумкин:  “Ҳақиқат  турлича  бўлади. У бошқариладиган демократиянинг бир бўлагидир”. Албатта барчанинг ўз ҳақиқати мавжуд  —  сизники, меники. Агарда мен бугун шанба деб, аммо Японияда бугун якшанба  десам  ҳам  бу  айнан  ҳақиқат  бўлади.  Ҳеч  бўлмаганда  сиз  ҳақиқатни айтаётганингизга ишонинг.

Иккинчи тамойил: ўзингизнинг кимгадир  нисбатан яхши ва ёмон ҳиссиётларингизни яширинг. Нима ёзишаётгани, нималарни кўрсатишаётганига диққат билан эътибор берсангиз барчаси менга нима ёқади, ёки ёқмайди тамойилига асосланган. Мен фақатгина фикримни тасдиқлайдиган нарсалар хусусида гапираман. Буларнинг журналистикага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Керак бўлса бу тарғиботдир. Чунки сизнинг бурчингиз – ахборот узатиш. Бу ҳақида сиз қандай фикрдасиз, умуман бошқа мавзу.Учинчиси–  холис бўлиш. Албатта биз холис эмасмиз, чунки биз роботлар эмас,  тирик  инсонлармиз.

Аммо  жуда  ҳам  ҳаракат  қилсак  холис  ахборот тарқатишга  ўрганишимиз  мумкин.  Чунки  ҳар  биримиз  қачон  ўзимиз  холис  ёки нохолис эканлигимизни жуда яхши биламиз. Зеро ўзимизни алдай олмаймиз.

Владимир Познер интернет оммавий ахборот воситаларнинг ўрнини боса оладими ёки йўқми деган саволга жавоб беради учинчи очиқ маруза

 Бугунги Россияда оммавий ахборот воситалари жуда ҳам қийинчилик билан тарққий  этмоқда,  чунки  тўртинчи  ҳокимият  йўқ.  Фақат  биттагина  ҳокимият мавжуд  ва  қолганлар  —  ҳам  суд,  ҳам  қонунчилик  ижро  ҳокимияти қарамоғида. Ахир шундай, тўғрими? Бундай ҳолатда журналистика қандай бўлиши керак?

Журналистлар  доимо  курашадилар:  баъзилар  ҳокимият  қандай  йўл тутишидан  қатъий  назар  –  яхшими,  ёмонми,  жуда  ҳам  ёмонми,  жиноят  содир этиладими ёзишдан чарчашмайди. Қолганлари аксинча ҳамма нарсага ижобий кўз билан қараб, яхши, жуда ҳам яхши, ажойиб деган фикрни илгари суришади.

Баъзи бир инсонлар Давлат Думасининг депутатлари ёки бирор партиянинг аъзоси  бўла  туриб,  ўзларини  журналистлар  деб  аташади.  Ўз  материалларини партия  интизоми  мавжудлиги  билан  оқлашади  (партия  шундай  қарор  қилдими, демак  унинг  тамойилларини  ҳимоя  қилиш  лозим).  Мен  билишни  истардим, бундай журналистлар омма олдида мазкур партияда амалга оширилаётган ишлар унчалик тўғри эмаслигини тан ола оладими? Албатта, йўқ. Ҳўш, у ҳақиқатдан ҳам журналистми?

Шу  ўринда  таққосий  бир  мисол  келтирмоқчи  эдим.  Жанг  майдонини тасcаввур  қилинг.  Ярадорлар  ёрдам  кутиб  ётишибди.  Шифокор  ярадорнинг олдига бориб унинг миллатини сўрашга ҳақлими? Ярадор сўнгги фашист бўлсада, шифокор уни қутқаришга мажбур. У бошқача йўл тута олмайди. Чунки бу унинг бурчидир: у инсон ҳаётини қутқариши лозим. Журналист ҳам қайсидир маънода худди шу ишни амалга оширади., фақат озгина ўзгача. У “Мен бунга қўшиламан, бунга қўшилмайман, уни қиламан, буни қилмайман” дея олмайди. У фақатгина ўз аудиторияси ҳақида ўйлаши лозим. Албатта бу хавфлидир. Аммо журналист буни амалга ошириши лозим.

Айтишим  керакки,  қаерда  демократия  бўлмаса,  журналистика  ҳамбўлмайди.  Чунки  демократия  йўқ  жойда  бир  биридан  мустақил  бўлган ҳокимиятлар  йўқдир.  Агарда  телевидение  тўғридан  тўғри  ёки  қисман  давлат томонидан бошқарилса, журналистика ҳақида гапириш мумкинми? Албатта, йўқ.

Фикримнинг  якунида  айтишим  керакки,  Ғарбий  Европа  буюк  даҳоларни дунёга  келтириб,  Уйғониш  даврини  бошидан  кечираётганда  Россия  муғуллар истилосидан азият чекмоқда  эди. Бу истило 250-300 йил давом этди. Агарда бир авлод тараққиётини 20 йил деб оладиган бўлсак, мавҳумлик ва қулликда қанча авлод эзилганлигини тасаввур қила оласизми? 30, балки ундан ортиқ ҳамдир.

Бу бизнинг ким бўлишимизга ўз таъсирини кўрсатди. Россия узоқ вақт ёпиқ эди.  Мамлакатга  ҳеч  ким  киритилмасди.  Хорижликлар  савдо  –  сотиқ  учун келишганда  уларннг  алоҳида  яшаши  учун  жой  ажратишарди.  Шундай  қилиб немис ва бошқа қишлоқлар пайдо бўлди. Нима учун биласизми? Улар рус одамини ўз  фикрлари,  дунёқараши  учун  “зарарламаслиги”  учун!  Албатта  ўша  пайти хорижликлар  ўз  слободалари  (қишлоқлари)дан  ҳарбийларнинг  кузатувисиз ташқарига чиқа олмас эдилар. Бу нарса уларнинг яқинига ҳеч ким йўламаслиги учун қилинарди. Россия Европа давлатлари ичида ўз халқини қул қилган ягона давлат. Крепостнойлик бу ерда 1861 йилгача давом этди. Унгача эрни хотиндан, болани  ота-онадан  ажратишар,  уларни  сотишар,  калтаклашар,  хўрлашар  эди.Крепостнойликка барҳам берилиб, деҳқонларга “сиз озодсиз” дейишди, аммо ер беришмади. Улар яна ўз  хўжайинларига қул бўлишга мажбур бўлишди. Фақатгина уларнинг фарзандлари, неваралари бошқача ҳаёт кечира бошлашди. Капитализм вужудга келди. Аммо у ҳам узоқ вақт давом этмади. Ҳокимиятни большевиклар қўлга  олишди.  Колхозчи  эркин  одам  эдими?  Уларнинг  хаттоки  паспорти  ҳам бўлмай, четга рухсатсиз чиқа олмас эдилар.

Тарихга  назар  ташлаб  мен  нега  ҳамон  журналистика  яхши ривожланмаганлиги  ва  яқин  орада  ҳам  ривожлана  олмаслигини  тушунтиришга ҳаракат  қилаяпман.  Бунинг  учун  миллий  менталитет,  ҳаётга  бўлган  қарашлар ўзгариши лозим. Бу нарса бир ёки икки авлод ҳаётида тезликда юз бермайди.

Мен  доимо  ғарб  танишларимга  “Сиз  жуда  ҳам  шошилаяпсиз.  Сизларга демократияга эришиш учун 200 йил керак бўлди, ҳозир ҳам у мукаммал эмас. Сиз эса бу йўлни биз атиги 20 йилда босиб ўтишимизни истаяпсиз. Бундай бўлмайди. Аммо 200 йилга ҳам бу жараён чўзилмайди.Чунки барчаси тезлашиб кетди. Ўйлайманки бунинг  учун  яна  30-40  йил  кутишимиз  керак.  Бир  мисол  келтирмоқчиман.  Мусо пайғамбар  Исроил  аҳлини  40  йил  чўллар  аро  муқаддаc  ерга  боришлари  учун  йўл кўрсатди,  аммо  ўзи  унга  етиша  олмади.  Чунки  у  қул,  банди  эди.  Том  маънодаги демократия  қурилиши  учун  сўнгги  қул  йўқолиши  лозим.  Чунки  қулларча фикрлашдан озод бўлиш қийин иш. Аммо бунга эришиш мумкин. Раҳмат.

Таниқли  журналист  Владимир  Познернинг  РИА-новости  ахборот  агентлигида эълон қилинган очиқ маърузалари қисқарттирилган ҳолда берилмоқда.

Рус тилидан Наргис ҚОСИМОВА таржимаси

Улашинг: