2 880

ЖУРНАЛИСТ КАСБ ОДОБИ МАСАЛАЛАРИ ёки Ўзбекистон журналистлари касб одоби кодекси қачон қабул қилинади?

Журналистикада  ахлоқ қоидалари қачон қабул қилинган? Бунга  нима туртки бўлган? Замонавий рақамли технологиялар пайдо бўлгунига қадар оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ўз фаолиятлари давомида қайси ахлоқий меъёрларга риоя этишлари зарур эди? Журналистика тарихига назар ташлар эканмиз, журналист фаолиятининг эркинлигининг асосий мезони сифатида матбуот эркинлиги биринчи ўринда турганлигини кўрамиз. Соҳа ривожи тарихига назар ташлар эканмиз, айнан сўз эркинлиги қалам аҳлининг фаолиятидаги ахлоқий меъёрларини белгилаб берганлигини кўришимиз мумкин. Матбуот эркинлиги тўғрисидаги дастлабки қонун 1766 йили Швецияда қабул қилинган бўлиб,  ХУI асрда инглиз файласуфи Ж. Мильтон ўзининг «Аэропагетика» асарида матбуот дунёсида ҳануз ўз қимматини йўқотмаганлигини қайд этган эди. Биринчи журналистикага оид касб кодекслари XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларида АҚШ ва қатор Европа мамлакатларида, илк даврий нашрлар пайдо бўлганидан сўнг, орадан салкам 300 йил ўтгач пайдо бўлди. Биринчи журналист касб одоби кодекслари матбуотнинг тижорийлашуви ва унинг журналистлар фаолиятига таъсири даврида, яъни ижтимоий танқидчилик шароитида пайдо бўлди. Кодексларнинг шаклланишига касаба уюшмалари билан биргаликда журналистларни бирлаштирган бошқа ташкилотлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишган. Масалан, 1900 йили Швецияда журналистларнинг касб одоби кодекси қабул қилинган. 1918 йили Францияда Журналистлар  касаба уюшмаси “Француз журналистларининг касбий мажбуриятлари кодексини” ишлаб чиқиб, унга кўра ёлғон ахборот тарқатиш, туҳмат, асоссиз айблов, фактларни бузиб кўрсатиш, ҳужжатларни сохталаштириш жиддий касбий жиноят эканлиги белгиланган. Кодекс журналистларни ўз манфаатларини кўзлаб, тижорат ёки реклама характерига эга бўлган материалларни тарқатмаслик, соҳада ёруғ юз ва шаънига путур етказмаган ҳолда фаолият олиб боришга чақиради. 1921 йилга келиб америкалик Ж.Броун “Ахлоқ кодекси ва амалий журналистика меъёрлари”ни тузади. Аксарият кодекслардаги меъёрлар журналистик ҳамжамиятдаги маълум бир ахлоқий қоидаларнинг ўрнатилиши учун ҳаракат қилиниши, жамият томонидан танқид қилинган журналист фаолиятининг қирраларидан қочишга уринишни кўришимиз мумкин.  Кўпчилик кодексларда журналистик ва реклама фаолиятнинг бир биридан ажратилишига бўлган даъватни кўрамиз. Чунки айнан Х1Х асрда реклама материалларини “маҳаллий янгиликлар” кўринишида чоп этиш авж олган, бу эса жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўла бошлаган эди. Чунки аксарият журналистлар реклама агентлари сифатида ҳам фаолият юритиб,  ўз газеталарида реклама берувчиларнинг буюртмаларига асосан материалнинг реклама эканлигини яширган ҳолда мақолалар беришарди. 1923 йили Американинг бош муҳаррирлар жамияти (ASNE) “Журналистика канонлари”ни қабул қилади. Бу журналистлар фаолиятини меъёрлаштирувчи биринчи касб одоби кодекси сифатида тарих зарварақаларига қайд этилган. Асосий талаб сифатида газетанинг маърифатпарварлик йўлида фаолият юритиши белгиланган.  Унда илк маротаба жамият манфаатлари  йўлида матбуот ва журналистлар масъулияти хусусида сўз юритилади ҳамда журналист фаолиятининг ҳаққонийлик, аниқлик, холислик, инсонларнинг шахсий ҳаётига нисбатан дахлсизлик ва ҳурмат  каби тамойиллар ишлаб чиқилади. Кодекснинг қатор ҳолатлари газета амалиётида “сариқ журналистика”га хос бўлган қоидаларга қарши қаратилган эди. Масалан сарлавҳаларнинг мақола мазмунига мослигини таъминлаш қатъий қилиб қўйилди. Чунки матбуотнинг оммавий тижорийлашуви ҳолатида аксарият газеталарнинг биринчи  бетида анонс сифатида берилган сарлавҳалар унинг иккинчи саҳифасидаги мақола мазмунига мутлақо мос келмас эди. Бу ҳолатни  ҳозир биз интернет журналистикасида кузатишимиз мумкин.

1926 йилда АҚШда қабул қилинган «Сигма Дельта Кай» Профессионал журналистлар жамияти томонидан қабул қилинган кодексда журналистларни жамият вакиллари деб, улар айнан давлат ва жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда фаолият юритишлари зарурлиги, ҳар бир сўзи учун  масъулиятни ҳис этишлари ҳамда ҳақиқатни билишга бўлган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашлари таъкидланади. Кодекснинг кириш қисмида “Биз жамиятда маърифатпарварлик ғоялари  адолатга  эришиш шарти сифатида устун бўлишига ишонамиз…” деган сўзлар бор.  Ушбу ҳолат кейинчалик жамиятда матбуот демократик бошқарув тизгинини қўлга олиши зарур деган журналистиканинг либертариан концепциясини илгари сурди. Радионинг, сўнгра телевидениенинг кашф этилиши ва оммалашиши айнан мазкур соҳа вакиллари учун ахлоқ меъёрларининг ишлаб чиқишига туртки бўлди. Вақт ўтиши билан кўпгина ОАВ ўзларининг ички кодексларини ишлаб чиқишди. Бугунги кунда нафақат  йирик даврий нашрлар, теле- ва радиокомпаниялар, балки кичик таҳририятлар ҳам ўз фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда касб одоби  меъёрларини ишлаб чиқишган.  Замонавий кодексларда асосан “манфаатлар зиддиятига” барҳам бериш биринчи ўринда туради. Бунда журналист, аудитория, жамият манфаати ва касбий  мажбурият ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган зиддиятлар назарда тутилади. Аксарият ҳолатларда журналист инсонга қийин вазиятларда биринчи галда ёрдам бериш керакми ёки мазкур ҳолатни ёритиши зарурми, деган савол туради. Тезкорлик билан қарор қабул қилиш зарурияти техноген, табиий, ҳарбий халокатларда яққолроқ намоён бўлади. Айнан ана шундай оғир вазиятда журналист инсонийлик бурчига кўра ҳаракат қилишими ёки касбий бурчини устин қўйиши лозимми деган саволга жавоб бериши зарур.

Бугунги кунда жаҳоннинг турли мамлакатлар учун бирдек амал қилаётган ва қатор давлатлар ана шу қоидалардан келиб чиққан ҳолда ўз журналистларининг касб этикасини ишлаб чиққан халқаро тамойиллар 1954 йили Журналистлар халқаро федерацияси томонидан “Журналистлар фаолиятининг тамойиллари халқаро декларацияси” да қабул қилинган эди.

1978 йили эса 400 минг нафар журналист ЮНЕСКО байроғи остида бирлашадилар ва Декларация тамойилларини кўриб чиқишади. Мазкур халқаро тамойиллар 1978 йилдан 1983 йилга қадар дунёнинг турли мамлакатлари ташкилотларининг маслаҳат учрашувларида тасдиқланди. Журналистларнинг халқаро ташкилоти (JOI-МОЖ), Журналистларнинг  халқаро федерацияси (IFJ-МФЖ), Матбуотнинг хаалқаро католик уюшмаси (UCIP), Лаотин Америка журналистлар федерацияси (FELAP), Лотин Америка матбуот ходимлари  федерацияси (FELATRAP), Араб мамлакатлари журналистлари федерацияси (FAJ), Африка журналистлари уюшмаси (UAJ) ўз навбатида кодексларини қабул қилиб, ҳудуд ва жамият хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда  ахлоқ меъёрларига ўзгарттиришлар киритишди. 1983 йилнинг 20 ноябрь куни Парижда  бўлиб ўтган Халқаро журналистлар федерацияси томонидан “Журналист касбий ахлоқининг халқаро тамойиллари” ЮНЕСКО ташаббуси  билан қайта таҳрирдан ўтказилиб, қабул қилинди ва у барча журналистларнинг ахлоқ кодекслари асосини ташкил этди. Мазкур тамойиллар қуйидагилардан иборат:

  • Тамойил № 1. Фуқароларнинг холис ахборотга бўлган ҳуқуқи
  • Тамойил № 2. Воқеаларни холис ёритиш — журналист бурчидир
  • Тамойил № 3. Журналистнинг ижтимоий масъулияти
  • Тамойил № 4.Журналистнинг касбий адолатлилиги
  • Тамойил № 5. Жамиятнинг ахборотга эгалиги ва ОАВда қатнашиш
  • Тамойил № 6. Хусусий ҳаёт ва шахсга бўлган хурмат
  • Тамойил № 7. Жамият манфаатларини ҳурмат қилиш
  • Тамойил № 8. Умумий қадриятлар ва маданиятлар хилма хиллигини ҳурмат қилиш
  • Тамойил № 9. Инсониятга хавф солаётган уруш ва бошқа хавфларга қарши кураш
  • Тамойил № 10. Янги халқаро ахборот ва коммуникацион тартибнинг ривожланиши. Бунда  журналист замонавий дунёда  янги халқаро муносабатларга интилиш ва янги ахборот тартиини ўрнатиш шароитида фаолият юритади. Ахборот соҳасида халқаро муносабатларнинг демократлашувига ҳисса қўшиш журналистнинг бурчидир.

Ушуб тамойилларнинг қабул қилинишига ОАВда журналист касб ахлоқининг қўпол бузилишлари кузатилгани ҳам қисман сабаб бўлган. Масалан, 1980 йилда америкалик журналист Жанет Кук “Жимми дунёси” мақоласини чоп этиб, унда саккиз ёшли гиёҳванд болакайнинг аянчли қисмати хусусида сўз юритилади. Материал Пулитцер мукофотига лойиқ деб топилди. Вашингтон мэри Мэрион Барри эса “болакай топилиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилганлиги” хусусида баёнот берди. Шундан сўнг мақола қаҳрамонини излай бошладилар ва…. топмадилар. Чунки у ўйлаб топилган эди. Яна бир мисол.  1998  йили  “The New Republic” газетасининг репортёри  Стивен Глэсс  хакер-ўқувчи ҳақида мақола чоп этади. Унда иқтидорли ёш хакер қатор корпорацияларнинг компьютер тизими кодини бузганлиги, натижада уларнинг раҳбарлари “ёш компьютерчини ишга таклиф этишгани” берилган эди. Аммо Forbesжурнали журналистлари ўз ҳамкасбларининг ёлғонини фош этишади. Ёш хакер навбатдаги журналистик афсона бўлиб чиқди.

Бугунги кунда ОАВ ўз-ўзларини назорат қилиш учун ўз таҳририятлари  ахлоқ кодексларига қўйидаги бандларни киритишмоқда. Бу:

  1. Аниқлик;
  2. Жавоб бериш имконияти;
  3.  Шахсий дахлсизлик;
  4. Таъқиб қилмаслик;
  5. Болаларнинг жинсий зўравонлиги ёки шунга ўхшаш жиноий ишларни ёритишда уларга жисмоний ва руҳий зиён етказмаслик;
  6. Касалхоналар, адапдация марказларида даволанаётган шахсларни ёритишда уларга зиён етказмаслик
  7. Жиноий ишларни ёритишда “айбсизлик презумцияси”га амал қилиш;
  8. Яширин йўллар билан ахборот олишдан қочиш;
  9. Жинсий зўравонлик қурбонларининг уларнинг рзилигисиз исм-шарифларини  бермаслик.

10.Камситилишга йўл қўймаслик

11.Бизнесни ёритишда унин сирларини эгасининг розилигисиз ошкор этмаслик;

12. Ахборот манбасини муҳофаза қилиш;

13.Жиноятчиларга ахборот учун ҳақ тўламаслик ва ҳоказо.

Шу билан биргаликда қатор мамлкатларда бевосита давлат томонидан ОАВ ходимлари фаолиятини назорат қилувчи органлар ҳам мавжуддир. Масалан,  Буюк Британияда Матбуотга шикоятлар кенгаши ҳар йили 3000 га яқин фойдаланувчилардан оммавий ахборот воситаларида берилаётган материаллардан норозигарчилик характерига эга бўлган шикоятларни қабул қилади. Германияда матбуот кенгаши ҳам худди шу вазифани бажаради ва шикоятларнинг учдан икки қисми дастлабки босқичлардаёқ ҳал қилинади.

Ахборот маданиятининг ижтимоий-сиёсий, миллий, маънавий-маърифий, ҳуқуқий, фалсафий, эътиқодий, иқтисодий, умуминсоний аспектлари ҳақида биринчи навбатда, ахборот маданиятини шакллантирувчи бош субъект – журналист қайғуриши керак.

Мамлакатимизда республика журналистлари касбий ахлоқ кодексини қабул қилиш учун бир неча маротаба уринишлар бўлди. Аксарият таклиф этилаётган касб ахлоқи кодекслари ўзида миллий қадриятларимиз ва менталитемиз тамойилларини акс эттирмаганлиги  учун қабул қилинмади. 2013 йилдан бошлаб ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишучун ҳаракат бошланди. Айни пайтда Кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилган. Тавсия этилаётган Кодексни тайёрлашда халқаро тажрибалардан, хусусан, касб кодекслари ва шу сингари ҳужжатлардан, шунингдек Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ишлаб чиқилган “Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари журналистларининг ахлоқ-одоб кодекси”дан ҳамда кўп йиллик шахсий тажрибадан фойдаланилди.

Кодексдан амалиётда фойдаланишни осонлаштириш йўллари кўзланди. Шу мақсадда журналистлик фаолияти билан боғлиқ барча жараёнлар асосан қуйидаги уч босқичда қамраб олишга ҳаракат қилинди:

– материални ёзиш олдидан кўриладиган тайёргарлик босқичи;

– материални эълон қилиш босқичи;

– мақола эълон қилинганидан кейинги босқичда кечадиган муносабатлар.

“Қўшимча шартлар” қисмида эса турфа вазиятлар, жараёнлар, шунингдек журналист шахсининг фазилатларига айланиши мумкин бўлган хусусиятлар билан, касбий-инсоний қиёфасига путур етказиши мумкин бўлган айрим иллатларга эътибор қаратилди. Кодекс бир неча маротаба қайта ишланиб, муҳокама қилинди. Аммо  тайёр ҳолатга келганига бир йилдан ошган бўлсада ҳануз қабул қилинганича йўқ.  Юқоридаги қайсидир манзилда  қабул қилиниш бўйича сўнгги қарор қабул қилиниши лозим  бўлган ва негадир  «тош бостирилган» ҳолда қолиб кетган Ўзбекистон журналистларининг касбий ахлоқ кодекси қачон қабул қилинади?

Наргис ҚОСИМОВА

Улашинг: