1 409

ЗИЁРАТМИ, ТИЖОРАТМИ ЁХУД ШАККОКЛИК?

Яқинда халқаро журналистика факультетининг талабалари билан Самарқанд шаҳрига зиёратга бордик. Дам олиш куни бўлганлиги сабабли зиёратгоҳларда одам кўп. Зиёратни Хартанг қишлоғида жойлашган улкан, ҳашаматли Имом ал-Бухорий мажмуасидан бошладик. Зиёратгоҳга кираверишда турникет қўйилиб, чипта сотилиш йўл қўйилган экан. Аммо бу хатти-ҳаракат  бир- бирини итариб, олға юришга интилаётган ёшу-қари зиёратчилардан пул  йиғиб олиш билан кифояланаётган эди. Ичкарида тумонат одам. Кимдир улуғ аллома томонидан ўн олти йил давомида олти юз минг ҳадисни ажратиб, уларни тартибга солиб, яяратилган “Ал-Жоме, Ас-Соҳийҳ” номли улкан асар муаллифининг мақбараси деворларини силаганича, кафтини  юзига суртар, кимдир қабрни айланиш билан овора. Мажмуа ўртасидаги булоқдан сув олиш учун ёшлар бир бирига навбат бермай қўлларидаги бўш баклашкаларни тўлдиришга интилишарди. Шу ерда ташкил этилган кўзмунчоқ, тасбеҳ ва бошқа Хитойдан келтирилган майда- чуйда буюмлар савдоси авжида. Фақатгина саноқли зиёратчиларгина қабр четроққа қўйилган курсиларга ўтирганича  Имом ал-Бухорий руҳига атаб тиловат қилмоқда эди. Самарқанд шаҳрига келгач, биринчи галда  Амир Темур мақбарасига амаллаб кирдик. Мақбарага Амир Темур, унинг пири Мир Саййид Барака, Темурнинг ўғиллари – Умаршайх, Мироншоҳ ва Шоҳрух, набиралари – Муҳаммад Султон, Улуғбек ва бошқалар дафн этилган.  Одам тирбандлигидан назоратчиларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, мактаб ва коллеж ўқувчилари бир- бирининг устига чиққудек бўлиб ичкарига интилишади. Амаллаб киргач эса, бу ерда абадий қўним топган буюк бобакалонимиз ва унинг авлодлари қабрлари фонида дарҳол селфи қилиб расмга туша бошлашди. Иккита қиз эса ҳиринглаганича мақбара четида туғ остидаги  қабр устига чиқиб, суратга туша бошлашди. Асабийлашиб берган танбеҳимдан сўнг тезроқ тўпланганлар ичида ғойиб бўлишди.Ўқувчиларни туриб бироз кузатдим, на  уларни олиб келган ўқитувчи мураббийлар, на уларнинг ўзлари бир оғиз ўтганлар ҳақига дуо қилишмади. Ҳеч бирининг бошида на рўмол, на дўппи бор. Худди шу ҳолат Шоҳизинда ансамблида такрорланди. “Самарқанд марвариди” деган номга сазовор бўлган Шоҳизинда ансамбли нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки, машҳур алломалар, авлиёлар маликалар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир.  Қаерга ва нима учун келганини тушунмаган, тўда -тўда бўлиб қўлтиқлашган ёшлар бирма бир мақбараларга мўраларшар, хиринглаганча  расмга тушишар,  ансамбл атрофидаги оддий инсонлар қабрлари  устида қувлашмачоқ ўйнашарди. Энг ачинарлиси уларнинг ҳеч бири  шу   ердаги назоратчилар ёки катта ёшдаги инсонларга мурожаат қилиб, бу ерда ким ётгани-ю, ансамбль қачон ва нима мақсадда қкрилганини сўрагани йўқ.  Самарқанднинг кўҳна қисмида, Амир Темур жомеъ масжидининг кунчиқар томонида, бундан олти асрлар илгари барпо қилинган, мўжазгина меъморий обида қад ростлаб турибди. Бу обиданинг гумбази остида Амир Темурнинг суюкли хотини, у билан кўплаб иссиқ-совуқларни бирга баҳам кўрган, зукко, тадбиркор, оқила Катта хоним-Сароймулкхоним-Бибихоним абадий уйқуда ётибди. Бибихоним мақбараси зиёратида эса деворга  ўз номини “абадий” муҳрлаётган қизнинг олдида турган мураббийси “Йигитингни номини ҳам қўшиб ёз” деганини эшитиб, чидаб тура олмай, унга гапиришим билан, ўз номларини девор ва панжарага ёзаётган қизларни ҳайдаганича, бизнинг гуруҳимиздан узоқлашишга ҳаракат қилди. Мажмуа  биноларига  кириш тақиқловчи тўсиқлар қўйилган бўлсада, бир бирини қўвлаган 15-16 ёшдаги йигитчалар уларни оғларганича ёнимиздан кулишиб, югириб ўтишди. Сал нарироқда турган  ўқувчилар эса қўлидаги чипсининг қоғозини, писта пўчоқларини у ёқ бу ёққа аланглаб, мармар тошдан битилган қадимги китобнинг остига улоқтиришди. Маыбаранинг яна бир биноси ичида эса  сотилаётган ҳуштакларнинг овозидан нафақат катталарнинг қулоқлари, балки  қадимги деворлар нола қиаётгандек туюлди менга. Афсуски зиёратдан барчамиз кўнглимиз ўта хижил, тушкун кайфиятда қайтдик.  Талабаларим рус гуруҳи бўлишига қарамай, зиёратдан олдин уларга қаерга бораётганимизни тушинтирган,  ўзлари билан рўмол ва бош кийим олишларини тайинлаган эдим. Улар зиёрат одобидан четга чиқмай, ҳар бир зиёратгоҳда унинг тарихи билан бирга, ўтганлар руҳини шод айлаш учун қилган тиловатимизга қўшилишга ҳаракат илишди.   Самарқанддан Тошкентга қайтар эканмиз барчамизда нега бугунги  ёшлар оддий зиёрат одобини билишмайди? деган савол бўлди.

Бугунги кунда зиёрат сайёҳлиги жаҳонда кенг тарқалган бўлиб,  ҳар йили бутун дунёда 350 млн. нафарга яқин одам турли диний ёдгорликларни томоша қилиш учун саёҳатга отланиб, 3 миллиарддан ортиқ сафарларни амалга оширишади. Замонавий зиёрат сайёҳлиги тижорат ва унинг самарадорлигини баҳолашнинг иқтисодий мезонларини ифодалайдиган оммавий туризмнинг барча моделларини ўзида мужассам этади. Диний сайёҳликнинг ичида иккита йўналиш мавжуд бўлиб, булар зиёрат ва билим орттириш туризмидир. Аксарият мамлактларда диний сайёҳлик алоҳида қонунлар билан билан мувофиқлаштирилади. 2018-2019 йилларда туризмни ривожлантиришга оид тасдиқланган биринчи навбатдаги чора тадбирлар дорасида виза тартиби соддалаштирилган мамлакатлар руйхати кенгайтирилди. Айнан МАлайзия, Индонезия, Туркия мамлакатлари билан алоқаларнинг кенгайиши Бухоро, Самарқанд, Хивада зиёратчилик туризмни ривожлантиришга омил бўлди. Зиёратчилик туризмнинг асоси мақсади – муқаддас жойларга ҳурмат бажо келтириш, маданий ҳордиқ ва билим орттиришдан иборат. Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ноёб муқаддас қадамжолар, зиёрат ва ибодат объектларига эга бўлган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро ислом динига мансуб тарихий ёдгорликлардан ташқари мамлакатимизда зардуштийлик ва буддизмга оид ёдгорликлар алоҳида эътиборга моликдир. Биргина 2018 йилнинг биринчи чорагида мамлакат ичида зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида10 млн.нафардан ортиқ юртдошларимиз Самарқанд, Бухоро, Хива каби дунёга машҳур шаҳарларга саёҳат қилишди. Албатта бу жуда яхши, аммо аҳолининг аксарият қисми, хусусан ёшлар-мактаб ва коллеж ўқувчиларини бой тарихий меросимиз билан таништириш, улуғ бобокалонларимиз номини ёд олиш, руҳини шодлантириш ўрнига борган жойларини ифлослантириши, айниқса ёшларнинг мақбаралардаги ножуя қилиқлари, қабрларнинг устига чиқиб, хиринглаганча суратга тушишлари, тарихий объектларнинг деворларига номақбул сўзлар, ўз номларини ёзиб қолдиришлари ўта уят ва ачинарли ҳолатдир.

Бунинг олдини олиш, аҳолида, хусусан ўқувчи-ёшларни зиёратга олиб боришдан олдин уларга зиёрат одоби ҳақида тушинтириш бериш, албатта тарихий ёдгорликларда (уларнинг деярли барчасида  қабр мавжуд) одоб сақлаган ҳолда зиёратни амалга ошириш, тарихий шахслар, уларнинг ҳаётий фаолияти ҳақида билимга эга бўлишга интилишни уйғотиш ва шу орқали ватанпарварлик ҳиссини  уйғотиш лозим. Зиёрат одобини бузган ҳар бир шахсни ( у ўқувчими, ўқитувчими ёки оддий фуқароми) маъмурий, катта зарар етказганларни жиноий жавобгарликка тортиш керак. Қадимий тарихий бинолар ҳар қандай шовқин, кучли ёруғлик таъсиридан тез емирилади. Уларнинг ичида ҳар қандай савдо-сотиқни тақиқлаш,  тарихий аҳамиятга молик мадраса, мақбаралар ичига зиёратчиларни киришига йўл қўймай, фақатгина ташқаридан кўришга рухсат бериш, ислом динига зид бўлган амаллар (Динимизда қабрларни зиёрат қилиш мандуб яъни тарғиб қилинган амал ҳисобланади. Лекин зиёрат қилиш асносида қабрларни беҳуда топташ, улардан ёрдам талаб қилиб бирор нарса сўраш, қабрни силаш, ўпиш ва тавоф қилиш, чироқ ёқиш, дарахтларга ип боғлаш каби бидъат амалларни бажариб савоб олиш ўрнига гуноҳга қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим (http://muslim.uz шарҳи)) бажарилишига йўл қўймаслик лозим.

Наргис ҚОСИМОВА

 

Улашинг: