2 513

ТОЙ

Шу куни аяси-ю аммаларининг, яхши амакиларнинг берган пуллари-ю, шоколадларига қарамай, Жамшиджон тойнинг олдидан кетмади. Унинг қоп-қора кўзларига тикилар, боғ четида ўрилмай қолиб кетган бедадан юлиб унга тутар, тойчоқнинг ям-яшил беда баргларини мазза қилиб чайнаётганидан завқи келиб қиқир-қиқир куларди. Тўй боланинг тўй билан иши бўлмай, қайнотаси олиб келган той олдида ўралашиб қолганини кўрган Бахтиёр ўғилчасини келинчакдек безатилган тойчоқнинг устига ўтқазиб, ҳовлини уч маротаба айлантирганида ҳовлини қийқириқ тутиб, Жамшиджоннинг шарафига ҳамду-санолар ёғилди.

-Туф-туф, кўз тегмасин, ҳақиқий чавандоз!

-Илоҳим моҳир чавандоз, кўпкариларнинг сардори бўлсин!

-Мана шу тойда метиндек ўтиргандек, ҳаёт аталмиш отда ҳам мустаҳкам юрсин!

-Худойим сенга узоқ умр, бахтли ҳаёт, мана шу тойдек содиқ дўст ато этсин!

Ризвоной буви неварасининг бошидан айлантириб исириқ тутатди, унинг юган ушлаган қўлчаларидан ўпди. Жамшид ҳар давра айланганида катталар устидан ширинлик, пул сочишар, маҳалланинг болалари, дўстлари қий-чув этиб ерга тушган сочқиларга ёпишишарди. Буларнинг барчасини той устида ўтириб кузатаётган Жамшиджон ўзини бувиси кечқурунлари сўзлаб берадиган эртакдаги паҳлавонлардек ҳис этди.

Тўйдан сўнг ўтган икки ҳафта ичида Жамшиджон тойнинг олдидан кетмади. Ниҳоят суннатдан сўнг тузалиб, боғчага кетар чоғида ҳам севимли тойининг малла тамғали пешонасини қўлчалари билан силаб, кичик челакчасида оғзига сув тутди.

-Жамшиджон, бўлақол ўғлим, кеч қоламиз.

Бахтиёр “Жигули”сининг ойнасини артар экан, боғ тўрида тойчоқнинг олдида ўралашаётган ўғлига меҳр билан боқиб, ҳовлига қайнотаси Расул аканинг кирганлигини ҳам сезмай қолди.

-Яхшимисиз ўғлим, ишга шошаяпсизми дейман?

Расул ака  боғ тўрига тикилиб турган куёвининг елкасига аста қўлини қўйди.

-Э, дада, ассалому-алайкум. Узр кирганингизни сезмай қолибман. Ойимлар яхшимилар, сингилларим, Жасурбек яхши юришибдими? Қани уйга киринг. Малика-а, дадам келдилар, буёққа қара.

-Йўқ, овора бўлманг. Ишга шошаяпсиз, биламан. Шунинг учун ҳам олдингизга эртароқ келувдим. Биласиз тойни тўйга “прокат”га олган эдик. Эгаси сўраяпти, қайтаришим керак. Шунга келувдим.

Бахтиёр буни билса ҳам,  бирдан шошиб қолди. Бир боғда тойнинг олдида куймаланаётган ўғилчасига, бир қайнотасига қараб, бошини қашлади.

-Тўғри, аммо… Жамшиджон тойга жуда ҳам ўрганиб қолувди. Эгасига айтинг, яна бир ҳафта кутсин, пулини тўғирлаб уни сотиб олардим.

-Қўйсангизчи, ўғлим! Шаҳар жойда от боқиб бўлар эканми? Кафтдек боғларинг бўлса, бунинг устига унга ем, қаров керак. Кейин эгаси рози бўлмаса керак, мен унга бугун қайтариб олиб келиб бераман, дегандим. Ҳозир тўй мавсуми, унинг ҳам тирикчилиги шу той орқасидан.

Жамшид дадасининг бобоси билан гаплашиб турганини кўриб, уларнинг югуриб келди.

-Бобо, бобожон. Тойим катта бўп қойди. Юйинг, кўйсатаман.

-Ваалайкум ассалом, оҳ ўзинг той бола бўп қопсанку. Қани бир ачом қилайликчи.

Расул ака Жамшиджонни даст кўтариб икки юзидан ўпиб, аста ерга қўйди-да, ўзи ҳам унинг ёнига чўккалади.

-Жамшиджон, энди сен катта йигит бўлиб қолдинг. Бугун мен тойингни эгасига қайтариб беришим керак. Сенга эса ўзи юрар мошина олиб бераман, хўпми қўзичоғим?

Жамшид бобоси нима деяётганини тушунмай дам қовоғи солиқ дадаси, дам бобосига қаради. Сўнг қўлига бобоси тутқазган шоколадни оча бошлади.

-Ана, иш битди. Энди, Бахтиёржон, хафа бўлмайсизлар.

Расул ака боғ томон юриб,  ундан хуркиб орқасига тисирилаётган тойнинг олдига бориб, арқонини ечди-да, дарвоза томон юрди.

Жамшиджон бобоси тойни айлантириб келмоқчи дея тушуниб, шоколадни қоғозини ерга ташлаганича унинг истиқболига югурди.

-Бобожон, мени ҳам айлантийинг, сиз билан бойай..

Бахтиёр ўғлини ушлаб қолиб, уни машинага ўтқазди.

-Сен боғчага, мен ишга кеч қоламан, Жамшиджон. Той билан кечқурун айланасизлар…

…Жамшид кечқурун боғдаги олма дарахтининг тагида тойчоқнинг йўқлигини кўриб, шошганича ошхонага қараб югурди.

-Ойи, ойижон, отим қани?

Малика ўғилчасининг терлаган пешонасидан ўпиб, уни чалғитишга ҳаракат қилди.

-Қорнинг очқадими, ҳозир даданг келса биргаликда овқатланамиз.

-Йўқ, отим қани? Бобом эйталаб опкетувла, бобомникига бойаман.

Малика ўғлини бағрига маҳкам босиб, уни тинчлантиришга, тойни бобоси эгасига қайтариб берганини ҳарчанд тушунтиришга ҳаракт қилмасин, Жамшид уни эшитмас, тинмай отининг олдига боришини айтиб йиғларди…

— Унда шамоллашнинг бирор бир асорати йўқ. Ички аъзолари ҳам соғлом. Аммо у нимагадир қаттиқ ичиккан, ё бирор бир ўйинчоғини йўқотиб қўйган, шекилли? — шифокор аёл Малика билан Бахтиёрга саволоомуз қаради.-Чунки  бир ойдан буён иситманинг бир тушиб, бир чиқиши бу ҳолатда фақатгина асаб зўриқиши билан боғлиқ. бўлиши мумкин.  Балки шу ўйинчоғининг ўрнига худди шундайини топишга ҳаракат қиларсизлар, бўлмаса  бунинг асорати қолиши мумкин.

Сўрида дадаси билан ётган Жамшиджон кўзини очиб, одатдагидек боғдаги олманинг тагига қаради. Э-воҳ, унинг остида бедани карт-курт чайнаганича, бошини силкитиб тойи боғлоғлиқ турарди. Сакраб ўрнидан турган Жамшиджон оёқяланг тойнинг олдига югуриб бораркан, ойисининг кўзи ёшланганини, дадаси эса машинаси турадиган жойнинг бўшлигига қараб, хўрсиниб қўйганини сезмади, ҳам.

Наргис ҚОСИМОВА. 2013 йил

Улашинг: