76

Ислом Каримов номидаги Фонд Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари ўртасида иншолар танлови ўтказилишини маълум қилади

Танлов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш, ёш авлоднинг республикамиз янги тарихи хусусидаги ҳамда мамлакатимиз давлат мустақиллигини қарор топтириш, халқаро барқарорликни таъминлаш ва Ватанимизнинг тарихий-маданий меросини қайта тиклашда Ислом Каримовнинг тарихий хизматлари борасидаги билимларини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Танлов 2018 йил 22 январдан 22 февралга қадар ўтказилади.
Иншоларни топширишнинг сўнгги санаси – 22 февраль 2018 йил 23:00.
Иншоларни ўрганиш, таҳлил этиш ва баҳолаш 22 февралдан 12 мартга қадар амалга оширилади.
Ғолиблар 2018 йил 12 март куни эълон қилинади.
Иншо мавзулари:
1. «Мустақил Ўзбекистон давлати шаклланишида Президент Ислом Каримовнинг роли».
2. «Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамиятда: Биринчи Президентнинг минтақавий ва глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси».
3. «Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқи маънавий қадриятлари, миллий ғурури ҳамда қадр-қиммати, тарихи ва маданиятини қайта тиклашдаги ўрни».
Муаллифлардан танланган мавзу моҳиятини тўлиқ очиб бериш ҳамда фикр-мулоҳазаларни изчил ва хатосиз баён қилиш талаб этилади.
Танловда Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этиши мумкин.
Ҳар бир қатнашчидан фақат битта иншо қабул қилинади.
Танлов иштирокчилари иншо билан бирга, шахсини ва Ўзбекистондаги олий ўқув юртида таҳсил олаётганини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт ва талаба гувоҳномаси) нусхасини юборишлари зарур.
Иншо ҳажми 2000 сўздан (5 саҳифага қадар) ошмаслиги лозим.
Иншолар ўзбек ёки рус тилида ёзилиши мумкин. Times New Roman шрифтида 12-чи кегльда ёзилган бўлиб, info@fondkarimov.uz электрон манзилга 2018 йил 22 февраль 23.00га қадар юборилиши зарур.
Танлов ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали 2018 йил 18 январдан иншо топширишнинг сўнгги санасига қадар хабар бериб борилади.
Танловга юборилган иншолар ўз соҳасида катта тажрибага эга атоқли тарихчи, сиёсатшунос ва филолог олимлардан ташкил топган махсус ҳайъат томонидан ўрганилади, таҳлил этилади ва баҳоланади.
Танловнинг биринчи босқичида иншо матнининг ҳажми жиҳатдан талабларга жавоб бериши ҳамда имловий хатолар йўл қўйилмагани жиҳатидан текширилади.
Иккинчи босқичда мавзуларнинг тўла очиб берилиши, иншо матни ҳақиқаттан ҳам муаллифга тегишли эканлиги, яъни плагиатга йўл қўйилмаганлиги текширилади, фикрларнинг равон ва изчил баён этилган, келтирилган фактларнинг ўринли ва аҳамиятли экани жиҳатидан
Танлов ғолибларига қуйидаги совринлар топширилади:
I ўрин. 7 000 000 сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган Apple MacBook Air 13 8/256 GB ноутбуки.
II ўрин. 6 000 000 сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган Apple iРad Pro 10.5 4G 256GB планшети.
III ўрин. 5 000 000 сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган iPhone 8 64 GB смартфони.
IV-X ўринлар. Рағбатлантирувчи совғалар – Фонд логотипи туширилган Kindle букридерлари.
Танлов натижалари ва ғолиблар 2018 йил 12 март куни Фонднинг расмий сайтида www.fondkarimov.uz эълон қилинади.
Ғолиблар тантанали равишда тақдирланади. Тақдирлаш жойи ва санаси кейинроқ маълум қилинади.