39

 “Қиз қалъа”- соф муҳаббат мадҳияси

Баку Ичери-Шехерида жойлашган Қиз қалъасининг таърифи дунёга машҳур. Тарихий манбаларда қайд этилишича XI асрнинг 40-йилларида ширвоншоҳлар қалъа атрофини  девор билан ўрай бошлашади. Чунки тобора ривожланиб бораётган мамлакатга шарқдан турклар, ўғизлар, шимолдан руслар, жанубдан форслар таҳдид қилишмоқда эди. XII асргача мустақил бўлган ширвоншоҳлар салжуқи турклар томонидан босиб олинади. 1191 йилда Шамахи зилзиладан вайрон бўлгач, ширваншох Ахситан I ўз саройини Бакуга кўчиради. Бу ерда кўплаб бинолар,  мачит ва миноралар қуради. Қиз қалъаси шулар жумласидан эди. Бугунги Қиз қалъаси Бакунинг ўзига хос рамзига айланган.  У Ичери-Шехернинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, 28 метр баландликка эга, цилиндр шаклидаги бинодир.  Деворларининг қалинлиги 5 метргача етади.  Аслида Қиз қалъаси 1907 йилгача маёқ вазифасини ўтаган. Унинг илк номи «Хунсар» бўлиб, кейинчалик «Кўз минораси» деб аталган. Манбаларда қайд этилишича қалъа нур ва олов Худосинининг ибодатхонаси бўлган. Иношоатнинг ҳозирги номи (озарб. Qız Qalası) ривоятларга кўра фожиали муҳаббат мевасидир. Айтишларича, қадимда шох ўз қизини севмаган йигитга турмушга берган. Ўзининг аянчли қисматини бироз орқага суриш мақсадида қиз отасидан денгиз бўйида қалъа қуришни ва тўйни иншоат битганидан сўнг амалга оширишни  илтимос қилади.  Аммо қалъа битсада, қизининг ёлворишларига қарамай, ота ўз қароридан қайтмайди.  Шунда малика қалъанинг томига чиқиб, ўзини пастга ташлайди ва қирғоқдаги тошларга урилиб, ҳалок бўлади. Малика урилган тош “Қиз бола тоши” деб аталиб,  турмушга чиқаётган қизлар албатта бу ерга гуллар олиб келишади.  Бошқа ривоятга кўра эса, малика севган йигит унинг шох отасидан севгилисининг ўлими учун қасос олади ва уни ўлдиради. Аммо орадан бироз вақт ўтгач, у севгилиси ўлмаганлигини, уни сув парилари қутқариб қолганини билади ва тез орада севишганлар дийдорлашишади.

Қалъа бугунги кунда сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган музейдир. Қалъада ўрнатилган интерактив дисплей орқали қизиқувчилар қалъа номи билан боғлиқ бошқа ривоятлар –“Саркарда ва раққоса”, “Сув устидан юрган йигит”, “Малика ва чўпон” ва бошқа афсоналар билан танишиши мумкин.

Албатта қалъага никоҳ куни келин –куёвлар келиб соф муҳаббат мадҳияси фонида суратга тушишади. Қиз қалъаси сонлари ҳам ҳар қандай сайёҳда қизиқиш уйғотиши табиий. Жанубий томонидан қалъа деворининг баландлиги 28 метр. Каспий денгизи жаҳон океанидан 28 метр пастликда жойлашган. Ичери шаҳар ичида ҳам 28 та мавзе мавжуд. Юқоридан қаралганда Қиз қалъаси “9” ёки “6” сонини эслатади. Бу қадимги Хитойдаги ҳат белгиси “Инь-Янь” шакли кўринишидадир. Туркий ҳалқларда “9” сони адолат дунёсини акс этиш билан биргаликда, ҳомиланинг она қорнида 9 ой ривожини англатади. “6” сони эса дўзах тушунчаси билан уйқашдир.

 Қиз қалъасига биз ўзбек журналистлари билан учрашувга ўз вақтини ажратган Озарбайжон Республикаси Милли Межлиси депутати, шоира, журналист, жамоат  арбоби Ганира Алескер кизи Пашаева хоним билан бордик. Хоним, бугунги кунда Озарбайжонда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳатлар, мамлакатнинг бой тарихий меросини асраш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб бериш билан биргаликда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик ва дўстлик ришталарининг абадийлиги, сўнгги йилларда икки мамлакатда ривожланаётган туризм соҳасинини ривожлантириш борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Наргис ҚОСИМОВА