216

ОЗАРБАЙЖОН ТАРИХИНИНГ ҚОРА КУНЛАРИГА БИТИЛГАН ЁДГОРЛИК

 Шахидлар хиёбони

 “Миллатнинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унинг мозори ва бозорини бориб кўр” деган  доно халқимиз. Озарбайжоннинг пойтахти Баку шаҳридаги Шахидлар хиёбони ҳар бир сайёҳ бориб кўриши зарур бўлган жойдир. Зеро, бу ерда мамлакат озодлиги учун шахид бўлган инсонлар мангу қўним топган. Уларнинг тўғилган йиллари ҳар хил бўлсада, вафот этган санаси  бир хил – 20 январь 1990 йил.

20 январь -Умумхалқ мотам куни

Айнан ўша машъум куни 19 январдан 20 январга ўтар кечаси Бакуга  совет қўшинлари киритилиб, СССР ва Озарбайжон ССР Конституциялари, республиканинг Мустақиллик тўғрисидаги конституцион қонунининг меъёрлари бузилган эди. Баку ишғоли СССР Мудофаа вазири Язов раҳбарлигида амалга оширилиб, нафақат қуриқликдан, балки Каспий денгизи томонидан ҳам  тинч шаҳарга ҳужум бошланди. Қирғин оқибатида 170 нафар турли ёшдаги фуқаролар ҳалок бўлиб, 400  нафари яраланди. Уларнинг ичида қариялар, аёллар, болалар бори эди. Фожиа шундаки, босқинчилар хаттоки касалхоналар ва  ярадорларни ташишга улгурмаётган “Тез ёрдам” машиналарини ҳам ўққа тутар, оғир ярадорларни отиб ўлдиришар эди. Оғир бронетехника билан ичида йўловчилари бўлган енгил автомобилларни янчишар эди. Шу кеча ҳарбийлар томонидан босқинчилик, ўғрилик ҳолатлари қайд этилган. Қатл этилганлар сонини яшириш мақсадида  жасадларни бир жойга тўплаб, ёқиб юборишган. Шу сабабли ҳам Шахидлар хиёбонида аксарият шахид бўлганларнинг қабри йўқ. Шу куни содир бўлаётган даҳшатли воқеалардан норози бўлган Баку олий ҳарбий билим юртининг курсантлари шаҳар марказидаги қурол-яроғ омборини қўлга киритиб,  50 та кемаларда ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб кетилишидан огоҳ бўлган ҳолда, портни қамал қилишди.

Касалхонадаги ярадорлар дориларнинг етишмаслигидан халок бўла бошлашди, чунки ҳали пойтахт  мақомида бўлган Москва шаҳарга тиббий ускуна ва дори воситаларини киритилишини тақиқлаган эди. 22  январь куни биноларнинг томларига ўрнатилган пулемётлар қуршовида озарбайжонликлар халок бўлганларни сўнгги манзилига кузатишди. 20 январь республика тарихига қора харфлар билан битилди.

Шахидлар хиёбонинг асосий йўлаги 20 январь куни шахид бўлганлар хотирасига ўрнатилган мармар тошлар ёнидан ўтса, бир поғона пастда яна бир машъум кун қурбонлари, Хўжайли  қатағонида халок бўлганлар қабристони жойлашган.

26 февраль -Хўжайли фожиаси

1988 йилда бошланган арман-озарбайжон, Тоғли Қорабоғ зиддияти ҳануз давом  этмоқда. Ўтган йиллар давомида келишмовчилик  бир неча маротаба қон тўкилишига, иккала томондан ҳам ҳам қурбонлар сонининг ортишига олиб келди. Уларнинг ичида энг фожиаси Қорабоғнинг энг қадимги аҳоли турар жойи Хўжайлида 1992 йил 26 февраль куни содир бўлди. Шафқатсизлиги ва қурбонлар сони билан машъум кун ХХ асрнинг Хиросима, Хатин фожиалари билан бир қаторда энг қора  кунлари рўйхатидан жой олди.

Хўжайли Ханкенди шаҳрининг шимоли-шарқида жойлашган, унча катта бўлмаган,  виқорли тоғлар ўраб турган хушманзара жой. Фожиагача бу ерда 7 минг нафар озарбайжонлар ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилган. Шаҳарчада асосан Арманистондан қувилган озарбайжонлар ва 1989 воқеалардан сўнг Фарғонадан Ватанларини ташлаб чииб кетишга мажбур бўлган месхети турклари яшаб келган. Аммо тинч ҳаёт истаб келган фуқаролар бу ерда 3 йилдан сўнг  янада даҳшатли воқеага дч келишларини ҳаёлларига ҳам келтиришмаган  эди.

1992 йил 25 февралдан 26 санага ўтар кечаси собиқ Иттифоқнинг 366-мотоўқчи арман дивизияси Хўжайлини ишғол қилиб, тинч аҳолини ўққа тута бошлади. Шаҳар ҳимоячилари ва аҳоли уни ташлаб  кетишга мажбур бўлишди. Бир кечада қадимги Хўжайли ер билан яксон қилинди. Тоғдагии ўрмонларга қочганларнинг аксарияти эса совуқдан музлаб, халок бўлишди. Содир этилган жиноят оқибатида  613 нафар аҳоли ҳалок бўлиб, 487 киши жароҳатланди, 1275 нафари эса асир олинди ва қийноққа солинди. 150 нафар кишининг тақдири эса ҳамон номаълум. Халок бўлганларнинг 106 нафари аёллар, 63 нафаари болалар ва 70 нафари қариялар эди. Хўжайли фожиаси оқибатида 8 та оила бутунлай йўқ қилиниб, 24 нафар гўдак  ота-онасини, 130 нафар бола эса ота-онасидан биттасини йўқотди. 56 нафар тинч аҳоли вакиллари даҳшатли қийноққа соинган ҳолда ўлдирилди. Уларнинг аксарияти тириклай ёндирилиб, қолганларининг боши танасидан олинган, териси тириклай шилиниб, гўдкларнинг кўзлари ўйилган, ҳомиладор аёлларнинг қорни ёрилган…

1994 йил 1 март куни Озарбайжон Президенти Ҳайдар Алиев махсус Фармон қабул қилиб, Озарбайжон Републикасининг Миллий Кенгаши (Милли Межлис) 26 феврални “Хўжайли геноциди ва миллий мотам куни” деб эълон қилди. 1997 йил 25 февраль куни эса Президентнинг яна бир Фармонига биноан “Хўжайли геноциди қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш” эълон қилинди. Ҳар йили давлат раҳбари 26 февраль куни “Хўжайли фожиаси” муносабати билан баёнот беради.

Шахидлар хиёбонидаги Хўжайли фожиаси қурбонларига атаб қўйилган ёдгорликларни оралар экансиз, сизга боқиб турган тош суратлардан ҳали ҳаётга тўймаган болалар. Мунис оналар, шахид кетган йигитларга кўзингиз тушади. Марҳумларнинг аксариятида қабр йўқ. Бу иссиз йўқолганларнинг қабрларидир.

31 март – Озарбайжонлар қатағони куни

 Озарбайжон халқининг тарихига назар ташлар экансиз, мустақиликка эришиш учун унинг чеккан заҳматлари бир неча  томлик тарих китобига жойлашишини кўриш мумкин.1813-1828 йилларда имзоланган Гулистон ва Туркманчой шартномалари озарбайжон халқини бир биридан ажратиш учун асос бўлиб хизмат қилиб, шу йиллари арманларнинг тарихан озарбайжон ҳудудларига кўчириш бошланди. Иреван, Нахчиван ва Қорабоғ хонликларида кам сонли арманларнинг мустақил ҳудудий бирлашмаси пайдо бўлиб, халқ тилида “арман вилояти” деб атала бошланди. Буюк Арманистонни яратиш ғояси илгари сурила бошлангач, 1905-1907 йилларда озарбайжон ва арман ҳарбийлари ўртасида тўқнашув содир бўлди. Озарбайжонларнинг аксарият турар жойлари ишғол қилиниб, ўзлари қириб ташланди. 1918 йили клнтреволлюцтон элементларга қарши кураш режаси ниқоби остида Баку губернияси озарбайжонлардан тозалана бошланди. Уйлар, тарихий ёдгорликлар ўт ичида қолди. Шу йили Озарбайжон Халқ Республикаси ташкил этилгач, асосий эътибор март воқеалари сабабларини аниқлашга қаратилди. 1918 йил 15 июола ткзилган махсус комиссия Шемахада бошланган март ойи қатағонлари бўйича тергов ишларини олиб бориб, 31 март республикада мотам куни, деб эълон қилинди. Бу озарбайжон халқига қарши қаратилган геноцидга илк бора сиёсий тус беришга бўлган илк уриниш эди. Аммо 1920 йилда Озарбайжон Халқ Республикасининг тугатилиши ва Озарбайжон ССРнинг ташкил этилиши бу жараёнга нуқта қўйди.

Шаҳидлар ҳиёбони (озарб. Şəhidlər Xiyabanı) ўрнида аввал мусулмонларнинг қабристони бўлиб, бу ерга асосан Бакудаги 1918 йил март ойи воқеалари, яъни Озарбайжон демократик республикасини ташкил этиш жараёнида бой берилган қурбонлар кўмилган эди. 1939 йилгача бу ер Чамбарака қабристони деб аталиб, унга республиканинг кўзга кўринган намоёндалари Алирза Расизаде, Самедбек Мехмандаров, Жалил Мамедкулизаде, Мидхат Мамедгулузаде, Абдурраҳим-бек Ахвердиев, Хасан-бек Зардаби, Наджаф-бек Везиров, Гусейн Араблинский, Ага Муса Нагиев, Сулейман Сани Ахундов, Джаббар Карьягды, Рустам Мустафаевлар дафн этилган. Бакунинг бош меъмори Зивер-бек Ахмедбеков томонидан ишланган 1918 йилнинг сентябрь ойида шаҳарни озод этишда қатнашган озарбайжон ва турк зобитлари хотирасига ёдгорлик ўрнатилган. 1935 йили қабристон ёпилиб, марҳумларнинг жасадлари қариндошлари томонидан бошқа қабристонларга қайта кўмилади. Унинг ўрнига С.М.Киров номидаги истироҳат боғи қад кўтаради ва Кировнинг ҳайкали ўрнатилади. Аммо собиқ Иттифоқ парчаланганч, ҳайкал  ва ўйингоҳлар, аттракционлар олиб ташланади. 1990 йил 20 январь фожиасидан сўнг Озарбайжон мустақиллиги учун жонини қурбон қилганларни дафн этиш бўйича Азер Набиев раҳбарлигида комиссия тузилади. Комиссия шахидлар учун энг мақбул жой асрлар давомида она -юрт учун қон тўкиб, кўмилган собиқ Чамбарака қабристонини танлашади. Бир кечада бу ерга 120 нафар шахидлар, 22 январь куни эяа яна 50 нафар марҳум келтириб, кўмилади.

Шаҳидлар ҳиёбони бўйлаб денгиз томон юрар экансиз, қирнинг энг бланд нуқтсида ёлқинланаётган “Мангу олов”га кўзингиз тушади. “Мангу олов” ёдгорликлар мажмуаси ғояси илк маротаба 1994 йили илгари сурилган  эди. 1998 йил 5 август куни президент Ҳайдар Алиев Шахидлар хиёбонида мазкур мажмуани барпо этиш борасида Фармонни имзолади ва Вазирлар Махкамаси уни қуриш учун 2 млрд.манат миқдорида пул маблағини ажратди. Мажмуа тантанали равишда 1998 йил 9 октябрда очилди. 1996 йилда Хиёбонда Туркия хукуматининг молиявий кўмагида Шахидлар мачити қурилди. Хиёбонга киришдаги биринчи қуш қабр Фаризе ва Илҳом Аллахвердиевларга тегишли. Ильҳом 20 январь куни совет қўшинлари томонидан отиб ўлдирилган, эрининг ўлимидан хабар топган Феризе эса жонига қасд қилган эди.

Шахидлар хиёбонига ҳар куни юзлаб озарбайжонликлар, сайёҳлар ва хорижий юксак мартабали меҳмонлар ташриф  буюришади. Бу ерга келган ҳар бир инсон Ватан мустақиллиги учун Озарбайжоннинг энг сара ўғлон ва қизлари келгуси авлодга тинч, осуда, фаровон ҳаёт йўлида ўз жонларини қурбон қилганликларига гувоҳ бўлиб,уларнинг ёрқин хотираси олдида бош эгадилар.

Наргис ҚОСИМОВА,

Суратлар муаллифи Шерзод Икрамутдинов.

Тошкент-Баку-Тошкент, 2018