22

ЎЗБЕКИСТОН ВА ОЗАРБАЙЖОН ЎРТАСИДА ЯНГИ АВИА ЙЎНАЛИШ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ришталари 30 июнь куни яна бир бора мустаҳкамланиб, қардош халқлар ўртасидаги масофа  Аzal air компанияси томонидан Боку –Тошкент– Баку  йўналишининг очилиши билан янада яқинлашди, десак муболаға бўлмайди. Илк парвоз 30 июнь куни 80 нафар йўловчи билан ҳавога кўтарилди.

-Биз мазкур йўналишни очиш ҳақида анчадан буён ўйлаб юрарадик, деди авиакомпания директори ўринбосари  Жамил Манизода. – Чунки мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарининг мустаҳкамланиши, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги салоҳиятининг ошиши натижасида сайёҳлар сонининг ортишига ҳам олиб келмоқда. Янги йўналиш бутунлай иқтисод классдан иборат бўлиб, арзон чипталар, юқори хизмат йўловчилар сонини ортишига олиб келиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилдан бошлаб, мамлакат туризм соҳасини ислоҳ қилиш, сайёҳлар оқимини кенгайтириш, виза олиш билан боғлиқ муаммоларга барҳам бериш ва сайёҳларга шароит яратиш борасида қатор қарорларни имзолади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК гарданига масъулиятли вазифаларни юклади. Булардан бири “очиқ осмон” тизимини қўллаш, чипталар нархини тушириш, бунинг учун халқаро авиакомпаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш эди. “Azal air” билан ўрнатилган ҳамкорлик эса мазкур масъулиятли вазифаларнинг амалий натижасидир.

Йўналиш йўловчилари “Azal air” ҳаво йўлларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази вакиллари томонидан кузатиб қўйилди. Энг асосийси  Бакуга отланган йўловчилар орасида Ўзбекистон журналистикасининг кўзга кўринган вакиллари “Дунё бўйлаб” телеканали журналистлари Элмира Тухватуллина, Гулсара Соатхонова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова, “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов, фотомухбир Шерзод Икрамутдинов ҳам бор.

Баку – Тошкент – Баку парвози ҳар ҳафтанинг шанба кунлари, Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропорт ва Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ўртасида амалга оширилади. Келгусида Аzal air компанияси парвозларни ҳар куни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Наргис ҚОСИМОВА